Шу йилнинг 23—24 август кунлари Мўйноқда хорижий ва маҳаллий мусиқачилар иштирокида замонавий мусиқа фестивали бўлиб ўтиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар қилмоқда.

Фото: «Ўзбектуризм»

«Табиий куч» деб номланган ушбу фестиваль Орол денгизи муаммосига бағишланган. Фестиваль анъанага кўра, Мўйноқдаги «Кемалар қабристони»да бўлиб ўтади. Унда Германия, Япония, Швеция, Дания, Россия, Қозоғистон ва Украина каби давлатларнинг мусиқачилари, DJ ва продюсерлари иштирок этиш истагини билдиришди.

Замонавий мусиқа фестивалида абстракт электро, эмбиент ҳамда техно мусиқа жанрларидаги композициялар жаранглайди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу фестиваль илк бор 2018 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган эди. Фестивальда иштирок этиш учун 200 га яқин хорижий сайёҳлар ва 5 мингга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари келган эди. Фестивальда Goethe Institute, British Council, USAID, UNDP каби халқаро ташкилот вакиллари ҳам иштирок этган.

Ушбу тадбир Орол денгизи муаммосига бағишланган бўлиб, фестиваль муносабати билан дунёнинг бир қатор ОАВларида, шу жумладан The Times, The Guardian, Al-Jazeera, Lonely Planet, The Jakarta Post, The Arab News, Electronic Beats каби нашрлар, ушбу ҳудудда содир бўлган табиий офат муаммосини яна бир кўтариб чиқишлари кутилмоқда.