Урганч халқаро аэропортида Москвадан келган йўловчи божхона назоратидан ўтказилганда, унинг телефонида кўплаб ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи видеолар аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, «Москва-Урганч» авиарейси билан учиб келган фуқаро Ш.М «яшил йўлак» орқали ҳаракатланаётганида унинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортган.
Шундан сўнг, фуқаро холислар иштирокида белгиланган тартибда назоратдан ўтказилганида, унинг уяли телефони хотирасидан 81 дона диний мазмундаги аудио эшиттириш ва 143 дона диний мазмундаги видео лавҳалар борлиги аниқланган.
Эксперт хулосасига кўра, аниқланган аудио ва видео лавҳалар ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи материаллар эканлиги тасдиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)