Тошкентда дунёда энг чиройли ва «Гиннесс китоби»га кирадиган фавворани барпо этиш таклиф этилди. Бу ҳақда «Менинг фикрим» порталига тегишли мурожаат жойлаштирилди, деб хабар қилади Sputnik.
Мурожаат муаллифи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи канал ва анҳорларда 10-20 километрлик чироқларга бой бўлган мусиқали, узундан-узун фаввораларни барпо этишни таклиф қилди.
«Фавворалар дунёдаги энг узун, чиройли ва инновацион шаклга эга бўлиши, бундан ташқари, сувдаги чиқиндиларни тозаловчи технологиялар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Агарда ушбу фавворалар мажмуи бунёд этилса, шубҳасиз у Гиннесс рекордлари китобидан жой олади, анҳор бўйида аҳоли ва сайёҳлар учун янада мароқли дам олиш имконияти ортади», — дейилган мурожаатда.
Дунёдаги энг қиммат фаввора Дубай шаҳрида барпо этилган. Унинг қурилишига 218 миллион доллар сарфланган. Dubai Fountain биноси Гиннесс рекордлари китобига киритилган.
Фавворанинг узунлиги 275 метр — бу учта стандарт футбол майдонига тенг. Dubai Fountain ҳар сонияда 83 тонна сувни осмонга «пуркайди».
Изоҳ (0)