Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги ўзи таҳсил олган 249-мактабда бўлиб, мактаб кутубхонасига китоблар тўпламини совға қилди.
Сенат Раиси мактабга ташрифи давомида таълим муассасаси меҳнат жамоаси ва ўқувчилар билан китобнинг инсон шахси ва маънавияти шаклланишидаги аҳамияти хусусида бевосита мулоқот ҳам ўтказди.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева пойтахтдаги Олмазор туманидаги 134-мактабга ўзининг шахсий кутубхонасидан китоб совға қилди.
Маълум қилинишича, мазкур мактабда Танзила Нарбоева ўзининг илк фаолиятини Рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида бошлаган.
Шунингдек, #bookchallenge доирасида Андижон вилоятидаги халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков ўзи таълим олган Андижон туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюриб, кутубхона фонди учун 100 дона бадиий адабиётларни совға қилган.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи Қибрай туманидаги ўзи таҳсил олган 17-мактабда бўлиб, мактаб кутубхонасига ўз шахсий кутубхонасидан китоблар тўпламини совға қилди.
Хабарда айтилишича, бу ташаббус ўсиб келаётган ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини, меҳрини ва интилишини ошириш, китобхонликни оммавийлаштириш, улуғ боболаримизга муносиб авлодни вояга этказишда муҳим ҳаётий аҳамиятга эгадир.
Аввалроқ, #bookchallenge доирасида бош вазир Абдулла Арипов ўзи ўқиган, Қоракўл тумани ҳокими ўзи ўқиган мактабга, Комил Алламжонов Сирдарёдаги 2 та мактаб ва хусусий кутубхонага китоблар совға қилгани ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, тадбир доирасида, Шерали Жўраев ва Юлдуз Усмонова Тошкентдаги мактабларга китоблар тақдим этгани ҳақида ҳам маълумот берганмиз.
Изоҳ (0)