АҚШнинг JOHN DEERE компанияси вакиллари «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувда томонлар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва яқин истиқболдаги вазифалар хусусида фикр билдирган.
«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти тизимидаги «Агротехмаш-ДД» масъулияти чекланган жамияти JOHN DEERE бренди остида турли русумдаги тракторлар, пахта териш машиналари ишлаб чиқармоқда. 2018 йилда корхонада 300 дона трактор ва пахта териш машиналари ишлаб чиқарилиб, ҳудудлардаги деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берилган.
«‘Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи’ акциядорлик жамияти ва JOHN DEERE компанияси ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, умумий қиймати 32,4 миллион долларлик 500 дона трактор ишлаб чиқариш юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, – дейди «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мухтор Каримов. – Бу, ўз навбатида, деҳқоннинг оғирини енгил, ҳосилининг баракали бўлишида муҳим аҳамият касб этади».
Ташриф доирасида меҳмонлар «ЎзКлаасАгро» Ўзбекистон–Германия қўшма корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишган. Уларга бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилган шароит ҳақида батафсил маълумот берилган.
Изоҳ (0)