15 март куни бўлиб ўтган террорчилик ҳаракатидан сўнг Янги Зеландиядаги кўп аҳоли мусулмонларни қўллаб-қувватлаб, ёрдам қўлини чўза бошлади. Уларнинг таркибида турли байкер гуруҳлари ҳам бор. Бу ҳақда Islam Today хабар берди.
TheMongrel Mob, King Cobra ва Black Power каби гуруҳлар мамлакатдаги барча маҳаллий мусулмонларни ҳимоя қилишга ваъда берган.
Мусулмонлар жума намозини ўқиш учун масжидларга боришга қўрқаётганидан гуруҳ аъзолари хабар топгач, Вайкато гуруҳининг бошлиғи Сонни Фату ўз жамоасига мусулмонларни ҳимоя қилишни таклиф қилган.
«Мусулмон ака-ука ва опа-сингилларимизга қанча керак бўлса, шунча ёрдам берамиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Улар қўрқмасдан ибодат қилишлари учун биз хавфсизлик тармоғининг бир қисми бўла оламизми? Албатта. Биз буни эплаймиз, бунга шубҳа йўқ. Биз қурол ишлатмаймиз. Биз жамиятнинг бошқа аъзолари билан биргаликда ички периметрни тинч ҳимоя қиламиз. Токи, мусулмонлар ўзини хавфсиз ва қулай ҳис қилсин», — дейди Сонни Фату.
Вайкато мусулмонлар уюшмаси бошлиғи доктор Асад Мохсин жамиятнинг турли қатламлари ва қарашлари бошқа бўлган кишиларнинг мусулмонларга кўрсатаётган ёрдамини юксак баҳолашини айтган.
«Бунинг барчаси ғам-ташвишларни енгишимизга ёрдам беради. Ислом дини ҳукмдан озоддир. Агар улар ҳам биз билан масжидга келиб, намоз ўқиса хурсанд бўламиз. Улар ҳам бизнинг бир қисмимиз, худди биз уларнинг бир қисми бўлгани каби», — дейди Асад.
KingCobra гуруҳи аъзолари Понсонбидаги Ал-Масжид ал-Жомий масжидининг кекса аъзоларига ҳурмат бажо келтирган. Бутун мамлакат бўйлаб мусулмонларга турли байкер гуруҳлари ўз ёрдамини таклиф қилмоқда. Хабарда айтилишича, улардан бири Сиднейдаги масжидда патруль ташкил этган.
Изоҳ (0)