Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бугун Республика халқ таълими вазирлиги, хотин-қизлар қўмитаси, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан «Илм-фан – келажак пойдевори» шиори остида «Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммити ўз ишини бошлади. Бу ҳақда «Дарё»га Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўқувчи-қизларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш, шунингдек, миллий урф-одат ва анъаналар руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ва қўллаб-қувватлаш, умумтаълим мактабларидаги «Қизларжон» клублари фаолиятини такомиллаштириш каби мақсадларни кўзлаган саммитда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 14—18 ёшдаги 140 нафар ўқувчи-қиз иштирок этмоқда.
Саммитда «Қизларжон» клуби координаторлари, халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, ҳунармандлик, АКТ соҳаси билан шуғулланаётган ўқувчи-қизлар, инновацион ғоялар муаллифлари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ёшлар иттифоқи сардорлари ҳамда профилактик ҳисобдаги тарбияси яхшиланаётган қизлар иштирок этмоқда. Улар тўрт кун давомида гуруҳларга бўлинган ҳолда психологик тренинглар, маҳорат дарслари, ҳунарманд ўқувчи-қизлар маҳсулотлари савдо-ярмаркасида қатнашади.
«Дублёр» лойиҳаси доирасида қизлар туман, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида бир кунлик амалиёт ўтайди.
Машғулотларни олиб бориш учун республикадаги таниқли олималар, фан, маданият ва санъат арбоблари, ҳатто, Америка Қўшма Штатларидан Анока Рамсей институти профессори, Вольф Лауре хоним ташриф буюрган.
Изоҳ (0)