Ўзбекистоннинг Республика кинопрокат маркази шу йилнинг 18 март куни Хитойнинг Гонконг шаҳрида бошланган 23-Халқаро FILMART кино ва телевизион фильмлар кино бозорида иштирок этиб, илк маротаба ўзбек миллий фильмларини халқаро майдонда тақдим қилмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар берди.
Мазкур йирик тадбирнинг иккинчи иш кунидан олинган маълумотларга кўра, дунёнинг 40 га яқин давлатларидан иштирок этаётган 850 тага яқин компаниялар, дистрибьюторлар ва харидорлар қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам ўз маҳсулотларини халқаро кинопрокатга чиқариш, чет эл телеканалларига сотиш ҳамда ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқариш масалалари бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиб, шартномалар имзолаган.
Жумладан, Гонконгнинг Digital Content Co., LLC ҳамда АҚШнинг All Rights Entertainment дистрибьюторлик компаниялари бундан буён ўзбек миллий фильмларини барча халқаро кино бозорларида тарғиб қилиш ва уларни сотишда Республика кинопрокат маркази билан ҳамкорлик қилиши келишилган.
Бундан ташқари, Сингапурнинг BOMANBRIDGE компанияси кино бозорига олиб борилган «Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази», «Хожаи жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний», «Қадимий Бухоро», «Хожа Баҳовуддин Нақшбанд» каби ҳужжатли фильмларни жануби-шарқий Осиёдаги мусулмон аҳолига эга мамлакатларда Рамазон ойи арафасида телеканалларда кенг намойиш этиш учун харид қилиш таклифи билан чиққан.
Хабарда айтилишича, Франция, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия ва Тайвань каби бошқа кўплаб мамлакатлар кинокомпаниялари ҳам Ўзбекистонда фильмлар суратга олишга қизиқиш билдирган ва мавжуд кино лойиҳаларини мамлакатда биргаликда амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилган.
Маълум қилинишича, ушбу кино бозорида Ўзбекистон кинопрокат марказининг иштирок этишини ташкил қилиш ишларига консултант сифатида жалб этилган Италиянинг RIA телевидениеси вакили ҳамда кўплаб халқаро кинофестиваллар ва кино бозорлар ташкилотчиси, тажрибали мутахассис Карло Антонио Жентайл яқиндан кўмаклашмоқда.
Изоҳ (0)