Футзал бўйича Янги Зеландия терма жамоаси дарвозабони Атта ал-Айян мамлакатнинг Крайстчерч шаҳридаги масжидлардан бирида рўй берган отишма натижасида ҳалок бўлди.
Stuff’нинг берган маълумотига кўра, Кувайтда туғилган футболчи жума намози вақтида уюштирилган отишмада ҳалок бўлган.
Хабар берилишича, ал-Айян яқинда оталик бахтига муяссар бўлганди ва у Крайстчерч техноиндустриясининг машҳур аъзоси бўлган.
Янги Зеландия футбол федерацияси ал-Айяннинг ўлимига оид маълумотларни ҳозирча тасдиқламади, боиси ушбу маълумот полиция томонидан ҳам тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 15 март куни 4 нафар қуролланган шахс Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги 2 та масжидни ўққа тутганди. 28 ёшли австралиялик Брентон Таррант фуқароларни отаётгани тасвирланган видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирганди.
Ҳужум натижасида 49 нафар одам ҳалок бўлди, 50 га яқини эса тан жарооҳати олган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)