Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Фармонга кўра, Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида қуйидагилар тугатилди:
Бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги;
Бош прокуратуранинг Тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси;
Бош прокуратуранинг Президент қарорлари ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;
солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат қилишга масъул Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари лавозимлари;
туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга масъул ўринбосарлари ҳамда катта ёрдамчилари лавозимлари;
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тадбиркорликни ҳимоя қилиш ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими.
Бош прокуратура ҳузуридаги Aгросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Aгросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси этиб қайта ташкил этилди.
Прокуратура органларининг қисқартирилаётган 1 198 та штат бирликларидан:
87 таси — Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига;
470 таси — Давлат солиқ қўмитаси бўлинмаларига йўналтирилади.
Изоҳ (0)