Ўзбекистон қадим маданият ва маърифат марказларидан бири эканини тасдиқловчи мезонлардан бири буюк алломалар таълим олган масканлар илм-фан тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссада намоён бўлгани билан асосланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожидаги ислоҳотлар стратегияси таълим тарихини ўрганишга оид янги талабларни ўртага қўймоқда, деб ёзади ЎзА.
Бу борада Самарқанд давлат университети ректорининг Рустам Холмуродов таклифи ўзининг тарихий ва мантиқий асосга эга экани билан ажралиб туради. У узоқ ўтмишда таълим тизимида бўлган ўзгаришларни инкор этмай, мамлакатда таълим ривожининг тарихий босқичларини ўзаро боғлиқ ҳолда талқин этган. Мақолада Ўзбекистон ва ислом мамлакатларида фаолият олиб борган дастлабки таълим масканлари – мадрасалар, Европа давлатларидаги университетлар хизмати ҳурмат билан эътироф этилади. Шарқ, хусусан, Ўрта Осиёдаги олий таълим институти – мадрасаларнинг ҳозирги давр университетлари таълим тизимидаги ўзаро ўхшашлик томонларини эътироф этган ҳолда, Самарқанд давлат университет ёшини 1420 йил билан бошлаш, 2020 йилда унинг 600 йиллигини нишонлашни таклиф этади.
Муаллиф «Самарқанд университети қачон ташкил топган?» мақоласида ушбу билим даргоҳининг ёшини Улуғбек мадрасасида таълим жараёни бошланган 1420 йилдан бошлаш керак, деган таклифни жуда тўғри ва илмий асослаган. Бу фикрни ХХ асрдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин Самарқанд педагогика институти ўқитувчилари — Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат ва бошқалар айнан мадраса ўқувчи-ўқитувчилари бўлгани билан изоҳлайди.
Изоҳ (0)