4—6 март кунлари Ўзбекистон миллий университети делегацияси Берлин техника университетида бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг Erasmus+дастури доирасида «NICOPA – Аниқ қишлоқ хўжалигида янги ва инновацион курслар» лойиҳаси бўйича дастлабки учрашувда қатнашди. Бу ҳақда ЎзМУ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг асосий мақсади ОТМларда қишлоқ хўжалигини аниқ ва мақсадли ташкил этиш бўйича тайёрланаётган кадрлар ўқув дастурларини янги ва инновацион курслар билан бойитиш, модернизация қилиш, Европа кредит тизимини жорий қилиш, талабаларни Европа ОТМларида академик мобиллик орқали ўзаро билимларини алмашишга кенг имкон яратишдир.
Мазкур лойиҳада Европанинг Берлин техника университети (Германия), Пловдив номидаги қишлоқ хўжалик университети (Болгария), Чехия қишлоқ хўжалиги университети (Чехия), Марказий Осиёнинг С.Сейфулин номидаги Қозоғистон Агротехника университети, С.Уалиханов номидаги Кукшетау давлат университети, М.Козибаев номидаги Шимолий Қозоғистон давлат университети, С.Ниёзов номидаги Туркманистон қишлоқ хўжалиги университети, Туркман давлат архитектура ва қурилиши институти, Туркман қишлоқ хўжалик институти, Ўзбекистондан ЎзМУ, ТАТУ, ТИҚХМИ иштирок этади. ЎзМУ лойиҳанинг Ўзбекистон учун умумий координатори ҳисобланади.
ЎзМУ делегацияси учрашув доирасида Berlin TU ва Engineering consulting and management for Space Technologies (ESM) компанияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича музокара олиб борди ва шартномалар имзоланди.
Изоҳ (0)