Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ва шаҳар газ таъминоти корхонаси ходимлари томонидан фуқаро Малика Абдураҳмоновага тегишли бўлган Самарқанд шаҳри Қозизода Румий кўчасида жойлашган ошхонада текширув ўтказилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармасига таяниб, «Zarnews.uz» хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, ушбу ошхонанинг табиий газдан 2 миллион 142 минг сўм қарздорлиги мавжуд бўлган. Қарздорлик бўйича ҳудудга бириктирилган давлат инспектори белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирган. Ушбу далолатномани истеъмолчига таништириш ва имзолаш учун тақдим қилаётган вақтида М.Абдураҳмонова Мажбурий ижро бюросининг қатъий ҳисобида турувчи рақамли далолатномасини давлат инспектори Ш.Қаршиевнинг қўлидан тортиб олган. Қасддан далолатномани ёқиб юборган ва шу йўл билан нобуд қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Абдураҳмоновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)