Инвесторлар Россияга қарши янги санкциялар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда, дейилади The Wall Street Journal’даги материалда. Нашр инвесторлар ўртасида мамлакат шу кунларда жойлаштирган еврооблигациялари тўғрисида қандай фикрда эканликлари ҳақида сўров ўтказди, деб ёзади Spot.
Умуман олганда муносабат ижобий — инвесторлар Ўзбекистон ниҳоят очилганини, бунинг устига ҳозир халқаро капитал бозорига киришнинг айни вақти эканини, негаки, ривожланаётган бозорларда айни вақтда вазият мураккаб бўлса-да, бу ерда кўплаб имкониятлар очилишини қайд этмоқда.
Шу билан бирга Ўзбекистон тақдим этаётган актив эътиборни тортади, чунки бу ерда муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда, ЯИМнинг ўсиши динамикаси ва ижобий демографик ҳолат кузатилмоқда.
Бироқ шубҳали қарашлар ҳам мавжуд. Хусусан, инвесторлар пайшанба куни савдо бошлангандан кейин Ўзбекистоннинг ҳар икки облигацияси нархи тушиб кетгани, яъни ўн йиллик қоғоз 99,77 цент даражасида бўлгани ҳолда, беш йиллик қоғоз бир доллар учун 99,66 цент бўлганига эътибор қаратмоқда.
Сўровда қатнашган инвесторлар шунингдек Хитой иқтисодиётининг заифлашиши Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишини тўхтатиб қўйиши мумкинлигидан ҳам хавотирланмоқда, чунки айни Хитой мамлакатнинг асосий савдо ҳамкори ҳисобланади.
Яна бир хавотир АҚШ Россияга қарши тайёрлаётган янги санкциялар билан боғлиқ. Уларни «аждарҳо», ташаббуснинг ўзини эса «дўзахдан санкциялар» (bill from hell) лойиҳаси деб аташга улгурди.
АҚШ сенаторлар гуруҳи бу қонун лойиҳасини ўтган йил ёзида ўтказишга ҳаракат қилди. Янги, янада қаттиқ версияда, бу ўринда сўз инвесторлар учун Россия давлат қарзлари бўйича Россия энергетика компаниялари ва банклари, шунингдек кўплаб бошқа тузилмаларга қарши санкциялар бўйича чекловлар тўғрисида бормоқда.
Санкциялар кучга кириши учун АҚШ конгресси қонун лойиҳасини маъқуллаши ва президент Дональд Трамп имзолаши лозим. Бу фонда Россия рубли 13 февраль куни Москва биржаси савдоларида кескин пасайишни бошлади. Атиги бир соат ичида доллар 66 тийин, евро эса 63 тийинга қимматлашди.
Ўзбекистон Россиядаги аҳволга бефарқ бўла олмайди, чунки у асосий савдо ҳамкорларидан бўлиб, бу борада Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. 2018 йили Россия билан товар айланмаси 5,7 миллиард долларни ташкил этиб, унинг 2,1 миллиард доллари экспорт, 3,5 миллиард доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келди.
Бундан ташқари, Россия Ўзбекистонга асосий хорижий валюта етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Фақат тўққиз ой давомида Россиядан Ўзбекистонга 3 миллиард доллар (2018 йил давомида жами қанча хорижий валюта жўнатилганини Россия Марказий банки маълум қилишга улгурганича йўқ, бироқ бу маълумот яқин вақт ичида эълон қилинади) ўтказилди.
Ўзбекистон, шунингдек, Россиядаги меҳнат муҳожирлари миқдори бўйича биринчи ўринда туради — 2018 йилнинг январидан сентябригача бу мамлакатга Ўзбекистоннинг 3,4 миллион нафар фуқароси борган бўлиб, улардан 1,5 миллион кишининг мақсади ишлаш бўлган. Таққослаш учун: иккинчи ўринда Тожикистон туради, бу мамлакатдан Россияга 1,7 миллион киши борган, улар орасида ишлаш мақсадидагилар 790 киши атрофида бўлган.
Бунинг устига Ўзбекистондан Россияга вақтинча миграция ҳажми шу қадар ўсдики, 2015 йилги кўрсаткичлар тикланди — 2018 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра Россияда Ўзбекистоннинг 1,8 миллион нафар фуқароси бўлган. Таққослаш учун: 2017 йилнинг 1 декабрида 1,7 миллион киши, 2016 йилда эса 1,5 миллион кишини ташкил қилган.
Буларнинг барчасидан ташқари, Ўзбекистон мамлакатдаги хорижий валютага бўлган талабни, жумладан четдан пул ўтказмалари ҳисобига қоплайди, бу борада барча пул ўтказмаларининг 77 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади.
2018 йили хорижий валютага бўлган умумий йиллик эҳтиёж 10,4 миллиард долларни ташкил қилди, бу эса 2017 йилдаги кўрсаткичлардан 1,5 баравар ортиқдир. Бу талаб экспорт тушумлари, интервенсиялар ва пул ўтказмалари ҳисобига қопланган бўлиб, улар 5,1 миллиард долларни ташкил қилди. Буларнинг барчаси 2018 йили алмашув курсидаги кескин тебранишларни бартараф этиш имконини берди ва миллий валюта атиги 2,7 фоизга қадрсизланди.
Ўзбекистон тобелик билан боғлиқ хатарлар бўйича ўзига ҳисоб беради ва Россиядаги иқтисодий аҳволнинг ёмонлашишини мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг муқобил (хавфли) сценарийсига киритди. Марказий банк келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларни санаб ўтади — халқаро пул ўтказмалари ва экспортнинг қисқариши, бу валюта бозоридаги таклифлар қисқаришига, миллий валюта девальвацияси кучайишига, сўм улушлари миқдори қисқариши ва инфляция босими ўсишига олиб келади.
Бу ҳолатда Марказий банк ички валюта бозоридаги тебранишларни юмшатиш, пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш ва банк тизимида сўмдаги омонатлар жозибадорлигини ошириб, ликвидликни пасайтириш бўйича чоралар кўриш ниятида. Булар оқибатларни юмшатиш имконини бериши кутилади.
Шуниси ҳам борки, «дўзах санкциялари» лойиҳасини айнан уни тайёрлаган шаклда қабул қилинишига ҳам ишониш қийин. Масалан, 15 февралдаёқ маълум бўлдики, АҚШ сенаторлари Россия давлат банкларига қарши потенциал санкцияларини юмшатди, шундай экан, лойиҳанинг якуний матни у қадар даҳшатли бўлмаслиги ҳам мумкин, албатта, агар уни умуман қабул қилишса.
Изоҳ (0)