Ўзбекистонда, масалан, Россияда мавжуд аҳолининг кўп миқдорда кредитланганлиги билан боғлиқ деярли ҳеч қандай муаммо йўқ. Микромолиялаштириш соҳаси ўтган йил ривожлана бошлади. Бу ҳақда Марказий банкнинг кредит ташкилотлари пруденциал назорати департаменти директори Аброрхўжа Турдалиев Fitch Ratings конференциясида маълум қилди, деб ёзади Spot.
Бугунги кунда истеъмол кредитлари портфелининг кескин ўсиши президентнинг ўтган йилги қарорига биноан банкларга микроқарз билан шуғулланишга (мақсадни кўрсатмасдан кредит беришга) имкон берилгани билан асосланмоқда.Шу муносабат билан ва автокредитларнинг ўсиши ҳисобига янги талаблар жорий этилди. Марказий банк фоиз ставкаси юқори бўлган ва бошланғич бадали 25 фоиздан кам бўлган кредитлар бўйича хатарлар даражасини оширди.
«Бу кредитнинг умумий ўсишини ушлаб турмайди, лекин банклар ўзларининг хатарларини бошқаришни бошлаши учун шу тарзда янада яхши портфелни шакллантиришни режалаштирмоқдамиз. Яъни, уларнинг портфелида хатар даражаси юқори бўлган кредитларнинг улуши кичик бўлиши керак», — деди Аброрхўжа Турдалиев.
Шунингдек, у келгусида Марказий банк томонидан ушбу соҳани тартибга солиш бўйича қўшимча чекловларни жорий этиш режалаштирилаётганини ҳам таъкидлади. Мисол тариқасида яқинда Россия Марказий банки амалга оширган микромолиялаш учун кунлик фоиз ставкаларига чекловлар ўрнатиш келтирилди. Ушбу меъёрлар босқичма-босқич жорий қилиниши режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)