Тожикистон парламенти Ўзбекистон билан чегарада янги назорат пункти очилишини маъқуллади. Бу ҳақда Asia-Plus хабар бермоқда.
Икки давлат чегарасида янги назорат пункти очилиши тўғрисида Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг ўтган йил август ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари давомида келишувга эришилганди.
Мамлакат парламентининг қуйи палатасида ушбу масала юзасидан Тожикистон чегара қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Ражабали Раҳмонали ахборот берди.
Унинг айтишича, янги пункт Тожикистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ўртасида борди-келдини йўлга қўйишга ёрдам беради, икки давлат чегарасидаги бошқа назорат пунктларида навбат камайишига олиб келади.
Ражабали Раҳмоналининг чиқишидан сўнг парламент Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тегишли ҳукуматлараро келишувни ратификация қилди.
«Боботоғ» пункти Тожикистоннинг Ҳисор ва Ўзбекистоннинг Узун туманларини боғлайди. У халқаро мақомга эга бўлмайди, икки давлат фуқаролари ва транспорт воситаларига хизмат қилади.
Янги пункт кундузги вақтда фаолият юритади.
Изоҳ (0)