Яқин кунларгача врачлар оғриқ даражасини аниқлашда беморнинг субектив фикрига ва клиник тажрибаларига таянишга мажбур эди. Объектив баҳонинг пайдо бўлиши эса қарамликни вужудга келтирувчи кучли опиоид анальгетикларни қандай дозаларда тайинлашни белгилаб беради.
Индиана университети олимлари оғриқнинг лаборатор диагностикасида катта бурилиш ясади. Жамоа қондаги биомаркерларга қараб оғриқ даражасини аниқлайдиган илк анализ прототипини яратди. Бу ҳақда университет сайтида хабар берилган.
Тест бемор ҳолатини объектив баҳолайди, врач эса бу ҳақда тахминий эмас, аниқ маълумотга эга бўлади. Янги ишланма кучли опиоид анальгетиклар тайинланадиган беморлар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки улар вақт ўтиши билан қарамликни чақиради ва конкрет ҳолатлар учун эффектив таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Эндиликда бемор умумий таъсирга эга кучли дорини эмас, айнан унга зарур препаратни қабул қилади.
Тест кўрсаткичлари беморга тайинланган даво чора-тадбирларининг ҳам самарадорлигини кўрсатиб беради. Бундан ташқари, беморда сурункали оғриқ ҳиссининг пайдо бўлиш тенденцияси ҳақида ҳам олдиндан хабар беради.
Муаллифларнинг фикрига кўра, беморларга ёндашувнинг персонализацияланиши опиод анальгетикларга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Чунки ҳозирда АҚШда улардан фойдаланиш даражасини эпидемияга тенглаштиришмоқда.
Янги текширувнинг яна бир аҳамиятга молик томони шундаки, биомаркерлар ёрдамида қайсидир препаратлар аёлларда яхши таъсир кўрсатиши, бошқалари эса эркакларда самарадорлиги аниқланган.
Ҳозирда жамоа бош оғриғи, фибромиалгия каби конкрет ҳолатларни чуқурроқ ўрганишга киришган.
Изоҳ (0)