16—17 февраль кунлари Жиззах шаҳрининг «Наврўзбулоқ» трассасида автокросс бўйича 2019 йилги Ўзбекистон кубогининг биринчи босқичи бўлиб ўтди, деб ёзади «Новости Узбекистана».
Мусобақанинг биринчи кунида пойгачиларнинг омади келди, об-ҳаво қуёшли ва қулай бўлди. Иккинчи куни эса кучли совуқ шамол эсиб, ёмғир ёғди. Бироқ бундай об-ҳаво мусобақага келган минглаб томошабинни чўчитмади.
«Автокросс бўйича мусобақада саккизта вилоятдан 12 та клуб, жами 60 га яқин автомобиль иштирок этмоқда. Биринчи босқич ғолиблари финалда иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритади. Финал март ойида бўлиб ўтади», — дейди Жиззах вилояти «Ватанпарвар» ташкилотининг спорт ишлари бўйича раис ўринбосари Зоир Одилов.
Мусобақада барча тоифаларда жиззахлик спортчилик устунлик қилди. Мазкур босқичнинг «Багги» классида Ғайрат Одилов, А-7 классида Тимур Нарзиқулов, «А-8» классида Умид Соатов, «нексия» классида Бекзод Одилов ғолибликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида ҳам Жиззах жамоаси биринчиликни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар Тошкент ва Бухоро вилоятидан келган кроссменларга насиб қилди.
Изоҳ (0)