Ўзбекистон темир йўл тизимида йўловчилар учун ресторан-вагон, купе-буфет, «быстро» вагонлар жорий этилди. Ҳозирги кунда маҳаллий олтита йўналишда ресторан-вагонлари, учта йўналишда эса «быстро вагонлари» ва купе-буфет фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу умумий овқатланиш масканларида «Темирйўлйўловчи сервис» масъулияти чекланган жамиятининг ишчи-ходимлари Ўзбекистон аҳолиси ва чет эллик меҳмонларга йўл давомида ярим тайёр ва турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш орқали хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ишга корхона томонидан тажрибали, ўз ишининг усталари жалб этилган.
Замонавий ресторан-вагонларида овқат пишириш жараёни тўлиқ электрлаштирилган, бугунги кун талабига жавоб берувчи жиҳозлар билан таъминланган. Ҳозирда «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ресторан-вагонлари ошпазлар ҳамда у ердаги мутахассисларнинг таклиф ва талабларини инобатга олган ҳолда тайёрланмоқда.
Узоқ масофага ҳаракатланувчи поездларда ресторан-вагон шинам ва ёруғ бўлиб, йўловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Салқин ичимликлар, ширинликлар, тансиқ таомлар муҳайё этилган.
Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездида «быстро» вагон мавжуд бўлиб, бу ерда тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари йўловчиларга тақдим этилади. Муҳими барча маҳсулотлар мунтазам тармоқнинг санитария эпидемология маркази томонидан назоратдан ўтказилади. Нархлар ҳамёнбоп, тўловларни нақд ёки пластик картаси орқали амалга ошириш мумкин.