Фарғона вилояти Қува туманида Халқ банки ходимлари томонидан содир этилган жиноят иши юзасидан оқлов ҳукми бекор қилиниб, айбдорларга тегишли жазо тайинланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Халқ банкининг Қува филиали бошқарувчиси М.Б., бош ҳисобчи Н.Х., ғазна мудири З.А. ўзларига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармай жиноят содир этган. Улар 2017 йил 26 май куни якуни бўйича қолдиқда қолган 38 минг 867 АҚШ доллари миқдоридаги валюта маблағларининг бутлиги ва дахлсизлигини таъминлаш чораларини кўрмаганликлари оқибатида камомадга йўл қўйган.
Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди томонидан судланувчилар ҳаракатида жиноят аломатлари йўқлиги кўрсатилиб, оқлов ҳукми чиқарилган. Суднинг мазкур оқлов ҳукми апелляция протестига асосан Фарғона вилоят судида кўрилиб, ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Жиноят иши Республика Бош прокуратурасининг протестига асосан Олий судда кўриб чиқилди. Натижада, ишни кўриб чиқишда суд қонун талабларини бажармасдан, иш ҳолатларига объектив баҳо бермай, уни бир томонлама кўриб чиқиб, судланувчилар томонидан содир этилган жиноят иши материаллари билан тўлиқ исботлангани ҳолатларига эътибор қаратмагани учун апелляция ажрими бекор қилинган.
Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 17 январдаги янги ажрими билан оқлов ҳукми бекор қилиниб, судланувчиларга тегишли жазолар тайинланди ҳамда улардан 38 минг 867 АҚШ долларини ундириш белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 5 февраль куни Халқ банкининг Фарғона вилояти, Ёзёвон туманидаги филиалидан 100 минг доллар нақд пул йўқолганди. Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан (ўғрилик, жуда кўп миқдорда) жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)