Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.
2019 йил 1 апрелдан 2019—2021 йилларда маҳсулотининг камида 80 фоизини экспорт қиладиган тикув-трикотаж корхоналарининг кредитларини тўлаш харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қуйидаги тартибда қопланади:
- кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида;
- хорижий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида;
- нол ставкасини қўллаган ҳолда вужудга келган қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 7 иш куни давомида солиқ тўловчига қайтарилади;
- биржа савдолари орқали пахта толасини сотиб олишда қатъий талаб қилинадиган банк кафолатлари бекор қилинади.
- 2019 йил ҳосилидан пахтани сотиб олишда қўшилган қиймат солиғи амалдаги сотиш нархидан келиб чиқиб ҳисобланади.
2025 йилга қадар тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 7 миллиард АҚШ долларига етказишни назарда тутувчи «2019—2025 йиллар давомида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш Концепцияси» ишлаб чиқилади.
2019/2020-ўқув йилидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида хорижий олий ўқув юртларининг махсус сиртқи таълим шакли жорий этилади.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида шартнома асосида ўқитишнинг ўзаро мажбуриятларини белгилаб берувчи шартнома тузиш орқали унинг базавий тўлов контрактини иккинчи босқичда камида 50 фоиз, учинчи босқичда камида 75 фоиз, тўртинчи босқичда 100 фоиз миқдорида тўлаб беришга рухсат берилади.
Европа Иттифоқи, Туркия, Корея, Хитой ва бошқа мамлакатлар билан ишлаб чиқилаётган келишувларга божхона тўловлари камайтирилади.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг ягона ахборот портали яратилади.
Изоҳ (0)