Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ғишткўприк» чегара божхона пости томонидан заргарлик буюмларини божхона тўловларисиз Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига таяниб, ЎзА хабар бермоқда.
Фуқаро Т.Н. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, унинг қўл юклари орасида ва этиги ичига яширилган, оғзаки сўровда тақдим этилмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган қиймати 7 миллион 560 минг сўмлик, жами оғирлиги 252 грамм бўлган 39 дона оқ рангли металлдан ясалган заргарлик буюмини мамлакатга яширинча олиб келаётганида тўхтатиб қолинди.
Фуқаро У.А. эса божхона декларациясида кўрсатилмаган, жами оғирлиги 335 грамм бўлган, оқ металлдан ясалган умумий қиймати 10 миллион 50 минг сўмлик яъни, 45 дона заргарлик буюмини божхона назоратидан яширгани аниқланди.
Яна бир ҳолатда, божхоначилар эътиборини тортган фуқаро М.Г. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, оёғидаги қора рангли туфлисининг ички товон қисмига 2 дона целлофан пакетда қиймати 21 миллион сўмлик, оғирлиги 70 грамм бўлган 17 дона сариқ металлдан ясалган заргарлик буюмини қўшни мамлакатдан яшириб олиб кираётганлиги фош қилинди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)