Жорий йил 30 январга ўтар кечаси совуқ қуроллар билан қуролланган жиноятчилар Паяриқ тумани Самарқанд кўчаси 50-уйда жойлашган АТ «Халқ банки» Паяриқ туман филиалига яширин тарзда киришга уринган.
«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг вилоят ИИБ матбуот хизматидан олган маълумотига кўра, мазкур банкда хизмат вазифасини ўтаётган Паяриқ туман ИИБ Қўриқлаш бўлими ходимлари сафдор Жамшид Мажидов ҳамда Ўктам Сатторовлар жиноий гуруҳни зарарсизлантирган.
Дастлаб банкка киришга уринган бир киши қўлга олинган. Унинг ёнидан 30 ва 15 сантиметрли учлари ўткирланган темир жисмлар, пичоқ, қўлқоплар, полиэтилен сумка ва бошқа буюмлар борлиги аниқланган.
Шунингдек, соат тунги 00:10 ларда, хизмат олиб бораётган ички ишлар ходими банкнинг орқа ҳовлисида номаълум шахснинг қўллари билан кириш эшигини очишга уринаётганини сезиб, зудлик билан эшик олдига борган. Эшикни очиб орқа ҳовлига чиқади ва банкка киришга уринган номаълум шахс қочаётган вақтида унга ўзига бириктирилган қуроли ўқланганини айтиб «тўхта отаман» деб огоҳлантириш берган.
Номаълум шахс қочишни давом эттиргандан сўнг қуролидан бир маротаба юқорига қараб ўқ узади ва унга ерга ётишини талаб қилади. Шундан сўнг номаълум шахс жойида тўхтайди. Қўриқлаш бўлими ходимлари уни ҳам ушлаб олган.
Ҳолат юзасидан Паяриқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 25, 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.