2 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигида Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратининг мажлиси бўлиб ўтди. Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, мажлисда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев ҳам иштирок этган.
Элёр Ғаниев ўз чиқишида Ўзбекистон Президенти топшириғига биноан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларни экспорт қилиш ҳажмлари ва номенклатурасини кенгайтириш, Ўзбекистонга чет эллик туристлар оқимини ошириш, шунингдек дипломатик ваколатхоналарга бириктирилган ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш учун қулай ташқи шароитлар яратиш борасида ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган Алишер Абдуалиев ва у назорат қилувчи иқтисодий блок бўлимлари, умуман вазирлик ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари олдида турган долзарб мақсадли вазифалар доирасини белгилаб берди.