Кубанинг илм-фан, технология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Эльба Росанинг маълум қилишича, олимлар мамлакат ғарбида метеорит тушганини тахмин қилмоқда, деб ёзади «ТАСС».
Вазирнинг айтишича, ҳозирда мутахассислар метеорит тушгани тахмин қилинаётган Матансас шаҳри атрофида тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
«Геофизика институти экспертлари жамоаси метеорит тушганини илмий жиҳатдан исботлаш учун Виньялес шаҳрида иш олиб бормоқда. Худди шундай ўрганишлар Матансасда ҳам ўтказилмоқда», — дейди у.
Аввалроқ Кубанинг Виньялес шаҳри яқинига номаълум самовий жисм қулагани, бунинг оқибатида эса кучли портлаш юз бергани ҳақида хабар берилган эди. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.