2 февралдан бошлаб «Тошкент—Бухоро—Тошкент» йўналишида қатнаётган «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлари Жиззах вокзалида икки дақиқа тўхташи йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар бермоқда.
«Тошкент—Бухоро» йўналишида ҳаракатланадиган №762 «Афросиёб» поезди ҳаракат жадвалига ўзгартириш киритилган. Поезд Тошкент вокзалидан соат 7:28 да ҳаракатни бошлаб, соат 8:54 да Жиззах вокзалига кириб келади, соат 8:56 да эса ҳаракатини давом эттиради. Самарқанд вокзалига соат 9:42 да кириб бориб, 9:50 да яна йўлга чиқади. Навоий вокзалига соат 10:40 да тўхтайди ва 2 дақиқадан сўнг ҳаракатини давом эттириб, соат 11:19 да Бухоро вокзалига етиб боради.
«Бухоро-Тошкент» йўналишида ҳаракатланадиган №761 «Афросиёб» поезди Бухоро вокзалидан соат 15:50 да ҳаракатини бошлайди. Соат 16:27 да Навоий вокзалига кириб келади ва соат 16:29 да ҳаракатини давом эттиради. Самарқанд вокзалига соат 17:20 да етиб келиб, соат 17:28 да ҳаракатини бошлайди. Жиззах вокзалига эса соат 18:14 да кириб келиб, ушбу вокзалдан соат 18:16 да ҳаракатини давом эттиради ва поезд соат 19:44 да Тошкент марказий вокзалига етиб келади.