2019 йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси элчиси Дилёр Ҳакимов (қароргоҳи Брюссель шаҳрида) Люксембург Буюк герцоги Анрига ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон ва Люксембург ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Люксембург Буюк герцоги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга фаолиятида муваффақиятлар тилаб, Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсатини, жумладан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликнинг фаоллашганини маъқуллашини етказиб қўйишни сўради. Шу ўринда Афғонистондаги тинчлик, хавфсизлик ва ривожланишни таъминлашдаги Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.
Суҳбатда Люксембург Ташқи ишлар вазири Жан Асселборннинг икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон алоқаларини, айрим минтақавий ва халқаро мавзуларни муҳокама қилиш мақсадида Тошкентга амалга оширадиган ташрифининг муҳимлиги қайд этилди.
Люксембург раҳбари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун улкан салоҳиятнинг мавжудлигини эътироф этди.
Ўзбекистоннинг қадимий тарих ва бой маданиятга эга давлат сифатида дунёга машҳурлиги таъкидланди. Ўзининг тарихий ўтмиши, буюк алломалари ва меъморчилик ёдгорликлари билан бутун дунёда донғи кетган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари жаҳоннинг бошқа қисмлари аҳолисига минқатанинг қадимий цивилизациясини ва «Буюк ипак йўли» тарихини ҳис қилиш имконини беради.
Изоҳ (0)