Тошкентда Британия Кенгашининг аёлларда етакчилик қобилиятини ошириш, бунинг учун мавжуд имкониятларни кўриб чиқиш ва халқаро тажрибани ўрганишни кўзда тутувчи дастури доирасида уч кунлик семинар-тренинг бошланди, деб ёзади ЎзА.
Семинар-тренингнинг илк тадбири «Бугун етакчилик: раҳбар аёллар учун янги имкониятлар» мавзусида ташкил этилди. Унда мамлакат олий таълим тизимида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва Буюк Британиянинг Advance HE нотижорат ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Дэвид Спаерс Ўзбекистонда аёллар фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар Британия Кенгаши томонидан қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Advance HE ижрочи директори Алисон Жонс ва бошқа экспертлар Ўзбекистон олий таълим соҳасида иш юритаётган раҳбар аёлларнинг тажрибаси, ташаббус ва интилишлари билан қизиқди.
Advance HE Буюк Британиянинг деярли барча олий таълим муассасалари ва Австралиянинг 50 фоиз университетларини қамраб олган бўлиб, ташкилот олий таълим соҳасида таълим жараёнини такомиллаштириш ва бошқариш, шунингдек, тенг ҳуқуқлилик ва хилма-хилликни таъминлаш ишларини олиб бормоқда.
Семинар-тренинг доирасида таълим соҳасида аёллар етакчилиги масалаларига бағишланган ялпи муҳокама ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирок этди.
Изоҳ (0)