2019 йил 15 январь куни Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган темир йўл кесишмаларида поездларни хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш ва темир йўл кесишмалари билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида «Диққат темир йўл» профилактик тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБЙҲХБ Йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат этиш бўлими «Дарё»га маълум қилди.
Тадбир давомида темир йўл кесишмаларига яқин жойлашган 7 та корхона, 2 та ташкилот, 21 ўқув муассасаси ва 24 маҳаллада профилактик суҳбатлар ўтказилиб, темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидалари бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, мавжуд темир йўл кесишмаларнинг ҳолатлари ўрганилиб, темир йўл кесишмаларига етишмовчи 12 йўл белгиси ўрнатилди ва 19 та яроқсиз ҳолга келиб қолган йўл белгиси янгисига алмаштирилди.
Бундан ташқари, 33 та темир йўл кесишмасига 66 та ЙПХ инспектори бириктирилиб, улар томонидан электропоездларнинг ўтиш вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари олиб борилди.
Тадбир давомида, биргина 15 январь кунида темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидасини бузган 124 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Мисол учун, ҳайдовчи Ж.Д. ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ўз бошқарувида бўлган Spark русумли, транспорт воситасини бошқариб кетаётиб, ёпиқ турган шлагбаумдан қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланганлиги, қолаверса ҳайдовчи Н.О. ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда Damas русумли транспорт воситасини бошқариб кетаётиб, кесишманинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланиб, темир тўсиқни мажбурий тушириш йўли билан ўз ҳаракатини давом эттирган.
Ўз навбатида, маъмурий баённома расмийлаштирилган 124 нафар ҳайдовчига нисбатан жами 75 миллион 415 минг 500 сўм миқдорида жарималар белгиланди ва ушбу белгиланган жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Бу борадаги ишлар вилоят ҳудудида давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)