Кейинги йилларда пенсия соҳасида талай ижобий ишлар қилинди. Адлия вазирлиги Ўзбекистондаги пенсия ислоҳотлари ҳақида маълумот берди.
Хусусан, давлат раҳбарининг 2017 йил 2 февралда «Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз нақд шаклда бериладиган бўлди.
Пенсия соҳасида навбатдаги кенг кўламли, тарихий муҳим қадам Президентнинг 2018 йил 12 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан амалга оширилди. Унда қуйидаги муҳим ўзгаришлар кўзда тутилган:
- 2019 йил 1 январдан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади;
- фуқароларга пенсия миқдорини белгилашда энг юқори чегара энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача;
- юқоридаги ўзгариш нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга нисбатан ҳам татбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади.
Илгари юқори миқдорда ойлик иш ҳақи олувчи фуқароларга пенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмаган.
Мисол учун, ўртача ойлик иш ҳақи — 2,2 миллион сўм ва иш стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621 минг сўм (энг кам иш ҳақининг 8 баравари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни 579 минг сўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (891 550 сўм) белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил) дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб, пенсиянинг умумий миқдори 1 054 минг сўмни ташкил этар эди.
Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи 1 621 минг сўм эмас, 2 027 минг сўм (ЭКИҲ нинг 10 баравари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда пенсиянинг таянч миқдори 1 115 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори 1 317 минг сўмни ташкил этади ёки 263 минг сўмга ошади.
Ўзбекистон Республикасида жами 3,4 миллион пенсионер мавжуд. Ҳисоб-китобларга кўра, фармонга асосан жами 533 минг нафардан ортиқ пенсионернинг пенсия миқдорлари ўртача 65 минг сўмдан 265 минг сўмгача ошган. Шундан 72 601 нафари ишловчи пенсионердир.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида бу соҳада ижобий ўзгаришлар давом этиши, хусусан ислоҳотларнинг кейинги босқичида пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори бўйича чекловлар ҳам бутунлай бекор қилинишини таъкидлади.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган оналар учун ҳам нафақа жорий этилиши алоҳида таъкидланди.
Молиявий жиҳатдан жиддий ислоҳотлар амалга оширилаётган, бюджетга солиқ тушумлари камайиши тахмин қилинаётган ушбу йилда бундай кучли ижтимоий сиёсатни юритиш жуда катта масъулият ва ирода талаб қилиши кундек равшан.
Шунга қарамасдан, ислоҳотлар ҳақида ижтимоий тармоқлардаги айрим муҳокамаларни ўқиб икки хулосага келиш мумкин: биринчидан, ислоҳотларнинг ҳақиқий мазмун-моҳияти ҳақида тегишли давлат ташкилотлари етарли маълумот бера олмаяпти; иккинчидан, айримларга шукроналик тушунчаси бегона бўлиб бораётгандай.
Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тўғри ва тезкор етказиш давлат ва халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)