Ўтган 2018 йилда қандай илмий ютуқларга эришилди? Фанда қандай кашфиётлар қилинди? Қандай фаразлар тасдиғини топди ва аксинча, ишонган ҳақиқатларимизнинг қайси бири ёлғон бўлиб чиқди. «ИноСМИ» нашри ўтган йилнинг энг қизиқарли илмий мақолаларини эълон қилди.
Тўғри, улар орасида, ҳозирча, ўзбек олимларининг изланишлари йўқ. Бироқ умидни келгуси йилларга боғлаганча, ўтган йилнинг энг қизиқарли илмий ютуқлари билан танишамиз.
Илм-фан инқирозига далолат қилувчи сохта илмий мақолалар
Австралиянинг Areo журнали тадқиқотчи муаллифлари улкан провокацияга қўл урди. Улар муҳим ижтимоий мавзулар тутуриқсиз даражада талқин этилган 20 та сохта илмий мақола ёзиб, тегишли йўналишлардаги етакчи нашрларга тарқатди. Бир қарашда бемаънидек туюлувчи ташаббусдан мақсад замонавий интеллектуал публицистиканинг ўлчов мезонлари жуда ҳам тушиб кетганлигини кўрсатиб қўйиш эди. Мақолада ҳар бир «илмий» иш бўйича батафсил ҳисобот келтирилган, уларнинг аксарияти ўта тутуриқсиз эди. Масалан, бирининг мавзуси «Феминистик Майн Кампф»
Одам оёғи етмаган Ер
Бу New York Magazine журнали тарихида энг кўп ўқилган мақола бўлди. Кўплар уни ваҳима қўзғовчи, деб атади. Бўлмаса-чи! Она Ер ўлмоқда. Биз ҳам у билан бирга ўлмоқдамиз. Барчаси биз ўйлаганимиздан кўра хийла ташвишли эканлигини тасаввур қиляпсизми? Бордию, оламшумул исиш фақат денгиз сатҳи кўтарилишига таъсир кўрсатади, деб ўйласангиз айсбергнинг бор-йўғи учини кўряпсиз.
Ўлим қандай бўлади?
The New Yorker нашрида бир неча кун биринчиликни бермай келган мақола. 2013 йилнинг 9 декабрида шифокорлар Жаҳи Макмат исмли қизнинг мияси тамом бўлганлигини қайд этди. У ўпкани сунъий вентиляцияловчи аппарат ёрдамида нафас олган, бироқ қорачиқлари нурга муносабат билдирмаган, электроэнсефалограмма эса мия фаолиятини қайд этмаган. Шифокорлар Жаҳининг мияси ўлганлигини қайд этганда унинг оиласи бунга асло кўнмаган. Бу қизалоқ билан юз берган ҳодиса инсон табиати ҳалигача тузукроқ ўрганилмаганлигини яна бир марта кўрсатади.
Ер атрофида 5440 марта
Рус фазогирлари сийдикни сувга айлантиради, америкаликлар очиқ фазога чиқиш олдидан асабийлашади. Агарда само тадқиқотчиларидан бири очиқ фазодан кемага қайтмай ҳавосиз коинотда қолиб кетса-чи? Бу Рей Бредберининг ҳикояси эмас. Америкалик астронавт Скотт Келлининг Politiken нашридаги мақоласи минглаб марта ўқилди.
Инсониятдан олдин ҳам тамаддун бормиди?
Ҳаёт қолдиқларидан далолат берувчи топилмалар фан учун ҳамиша етмайди, бунинг устида замон ва маконга, шунингдек, тирик жонзотларнинг яшаш ҳудудига қараб ўзгариб туради. Шунинг учун атиги 100 минг йил мавжуд бўлган индустриал цивилизацияни осонгина «кўрмай ўтиб кетиш» мумкин. Хўш, биздан аввалги цивилизацияларда кимлар яшаган? Уларнинг ҳаёт тарзи, кўриниши қандай бўлган? The Atlantic шу ҳақда мулоҳаза юритади.
Сизни ҳалок қиладиган етти ғаройиб жой
Инсоният фазони эгаллашни истайди. Фантастик китоблар ва кинолар муаллифлари бу мавзулардан ҳеч чарчамайди. Инсон гоҳ Ойда пайдо бўлади, гоҳ Марсга қўнади. Аммо Қуёш тизимининг барча осмон жисмлари ҳам бизни қучоқ очиб кутиб олмайди. Сиртдан дилтортар манзара касб этувчи самовий жисм сатҳи сизни бир онда ҳалок этиши мумкин. Nautilus ҳаммасини изоҳлаб берган.
Вақт бўйлаб саёҳат натижасида коинот остин-устун бўлиб кетадими?
Бошқа замонга тушиб қолган афсонавий қаҳрамонларнинг ғаройиб саёҳатларини фильмларда ким кўрмаган? Ким ҳам ўтмишга бир зумга қайтиб кичик хатоларини тўғрилаб олишни истамайди, дейсиз? Бироқ бу қанчалик хавфсиз? Forbes нашри муаллифларидан бири вақт бўйлаб саёҳат қилишнинг ҳузур-ҳаловатидан эмас, хатаридан сўз юритади. Истаган ҳолатда саёҳатчи аввалги замонига қайтолмай қолиши мумкин. Розимисиз?
Нимага 536 йил Ерда ҳаёт учун энг ёмон йил бўлган?
Қайси йил инсоният учун энг кўп ташвиш келтирган? Европанинг ярмини ўлат олиб кетган 1349 йилми? Грипп туфайли 50-100 миллион инсон нобуд бўлган 1918 йилми? Йўқ, 536 йил. Американинг Science журнали нега айнан шу йил одамзод учун энг ёмон йил бўлгани ҳақида мушоҳада юритади ҳамда фожеали воқеаларнинг сабабларини ўрганади.
Қандай қилиб лотереяда ютиш мумкин?
Ўйин шошқолини ташларкансиз, ҳар қандай сон тушишига тайёр бўлишингиз керак. 2 рақамининг тўғри келиш эҳтимоли билан 6 рақамининг тўғри келиш эҳтимоли теппа-тенг. Сизга бир сирни очамиз: лотереяда ютиш бу ҳамма ўйнаганидан бошқача ўйнаш деганидир. Аммо сизга иккита математик маслаҳат бор, дейди норвегларнинг Forskning журнали.
Мия ҳақида сиз билган нарсаларнинг барчаси хато бўлиши мумкин
Нейроафсоналар, яъни миямизнинг имкониятлари тўғрисидаги янглиш тасаввурлар илмий тадқиқотларнинг нотўғри ёки жудаям эски талқинларига асосланади. Нейробиологлар жамоаси Slate сайтида бир қанча хато қарашларни фош қилади.
Кўриб турибсизки, оламшумул нашрларга қизиқарли мақолалар ёзиш учун улкан телескоп, ўта қимматли ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар, катта адрон коллайдери ҳар доим ҳам зарур эмас экан. Кузатувчанлик ва назарий илмий мушоҳадалар билан ҳам қизиқарли мақола ёзиш мумкин экан. Шак-шубҳасиз, чуқур билимлар базаси ва таҳлилий фикрлаш қобилияти зарурлигини асло инкор этмаймиз. Ўз соҳангизнинг билимдонимисиз? Унда сиздан ҳам илмий-оммабоп мақолалар кутамиз. Эҳтимол, сизнинг мақолангиз дунё нашрларини забт этар.
Шукуржон Исломов тайёрлади
Изоҳ (0)