Миллий гвардия Сурхондарё вилоят бўлинмаси 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни олдидан ҳудуддаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонида бўлиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Айни пайтда вилоятда 70 нафар Иккинчи жаҳон урушида қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда.
Термиз шаҳрида яшаётган Шерали бобо Ҳайдаров ана шундай дуогўйлардан. Бу йил табаррук 93 ёшни қарши олган отахон 18 ёшида урушга кетган. Дастлаб Бухоро шаҳрида ҳарбий тайёргарликдан ўтган Ш.Ҳайдаров Запороже шаҳрида жанг майдонига кирган. Киев шаҳрида бўлган жанглардан бирида оғир яраланиб, госпиталга тушган. Бу ерда олти ойдан кўпроқ муддат даволанган. Шундан сўнг ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа ишлаб чиқариладиган заводда уруш тугагунча меҳнат қилган.
— Ўшанда айни кучга тўлган давримиз эди, — дея эслайди Шерали бобо. — Биз кўрган қийинчиликларни авлодларимиз ҳеч қачон кўрмасин. Мана, ҳозир осойишта, тўкин ҳаёт кечирмоқдамиз. Ҳарбийлар, ёшлар хонадонимизга келиб, хол-аҳвол сўраб туришади. Янги йил арафасида бир гуруҳ ёшлар келиб, байрам билан қутлаган эди. Бугун Миллий гвардиячилар хонадонимизга қувонч олиб кирди, байрам совғаларини берди.
Изоҳ (0)