Credit Suisse Group AG банкининг собиқ раҳбарлари Эндрю Пирс, Суржан Сингх ва Детелин Субев фирибгарликда айбланиб, қўлга олинган. Бу ҳақда Reuters АҚШ ҳукуматидаги манбаларига асосланиб хабар берди.
Нью-Йорк федерал суди собиқ банкирларни Мозамбик ҳукуматига кредит ажратишда фирибгарлик схемаларидан фойдаланиб, банкнинг ички тартибини шахсий манфаатлари ва ноқонуний фаолиятини яшириш мақсадида бузганликда айблаган.
Bloomberg нашрининг берган маълумотларига кўра, собиқ банкирларни ҳибсга олиш Мозамбик молия вазири Мануэль Чангнинг ҳибсга олинишидан беш кун ўтиб амалга оширилган.
Маълум бўлишича, Мозамбик ҳукуматига 2013—2014 йилларда Credit Suisse ҳамда Россиянинг ВТБ банклари тунец (окунлар оиласига мансуб, йирик йиртқич балиқ) балиқларини овлаш учун кемалар ҳамда қирғоқларни хавфсизлигини таъминлаш тизимини харид қилиш учун 2 миллард АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган. Ажратилган кредит пуллари давлат Ematum ва ProIndicus корхоналари ҳисобига, ҳамда Мozambique Asset Management давлат фондига ўтказилган. Кредит ажратилганда молия вазирлигини бошқарган Мануэль Чанг 2015 йилда истеъфога чиққан, бироқ кредит ҳақидаги маълумотларни яширган.
Мозамбик ҳукуматини кредит тўловлари бўйича қарзни Халқаро валюта фонди 2016 йилда аниқлаган.
Нью-Йорк прокурорлари Мануэль Чангга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатган. Мануэль Чангнинг кредит ҳақидаги маълумотларни яширгани, Мозамбик давлати иқтисодиётида дефолт келтириб чиқарган.
Изоҳ (0)