Фарғона вилояти Бувайда туманида тўрт фарзанднинг онаси Мадина Йўлдошева 11 ойдан буён ҳушсиз ётибди. Бу ҳақда Turon24 хабар бермоқда.
29 ёшли Мадина Йўлдошеванинг онасига кўра, 2018 йилнинг 6 февралида тўртинчи фарзандини дунёга келтирган куни шифокорларнинг эътиборсизлиги туфайли комага тушиб қолган. У 11 ой давомида ҳушига келмаган.
Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамажоновнинг айтишича, Мадина Йўлдошеванинг касаллиги апаллик синдроми деб аталади.
«Туғруқ пайтида кўп қон йўқотилгани натижасида клиник ўлим юз берган, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Асроржон Раҳимов. – Беморга берилган тез тиббий ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Аммо мия пўстлоғида клиник ўлим ҳолатларида апаллик синдром ривожланади. Мадина Йўлдошевада шундай касаллик кузатилган. Фарғонадан, Тошкентдан малакали шифокорлар келиб, беморнинг аҳволи билан танишди. Ҳозирги кунда беморга Тошкент шаҳридаги нейрохирургия илмий-текшириш марказига бир марталик текширувдан ўтиш учун ордер бериш ҳаракатини бошлаганмиз», – деди Бахтиёр Мамажонов.Мадина Йўлдошева Қўнғирот қишлоғида жойлашган 22-қишлоқ оилавий поликлиникасида 2017 йилнинг 27 июнида ҳомиладорлик рўйхатидан ўтган. Уни шифокор-гинеколог Белла Агаджонова рўйхатга олган. Маълум сабабларга кўра Белла Агаджоновадан кейин бу ерга Шоира Умарова ишга келган. Ҳомиладор аёл то туққунга қадар Шоира Умарованинг назоратида бўлган.
«Қизим Мадина ўша куни врачларнинг эътиборсизлиги туфайди шу ҳолатга тушди деб ўйлайман. Чунки у туққанидан сўнг қаровсиз қолган. Қон кета бошлаганидан сўнг шифокорлар уни операцияга олишди. Операция жараёнида қизим шу ҳолга тушиб қолди. Ана ўзига келади, мана ўзига келади деб бизни уч кун алдашди. Кейин 11 кунда ўзига келади дейишди. Аммо мана 11 ойдирки, болам беҳуш. Дастлаб комага тушганида бир кунда 3,5 млн сўмлик дори-дармон олиб берган кунларимиз ҳам бўлди. Ҳозирги кунда бир ойда камида 1,5 млн сўмлик дори-дармон кетаяпти.Онанинг яна бир эътирози туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари қизини Тошкент шаҳридаги неврология илмий-текшириш марказига олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтиши учун бепул ордер олиб бермаётгани ҳақида бўлди.Энг ёмони, қизимга ўзим қараяпман. Фарзандлари ҳар жойда сарсон. Катта қизи Шодиёна 4-синфда ўқияпти. Шаҳодат 2-синфда. Муродулла 6 ёш, кичик қизи Хадичахон 11 ойлик. Катталарига отаси, аммалари, қизимнинг овсини қараяпти. Хадичахонни эса катта аммаси Сурхондарё вилоятига олиб кетган. Ҳар шанба куни болаларни олиб келамиз, улар келса, қизим сезади. Болаларига қараб йиғлайди. Ҳамма нарсани сезиб ётади. Шифокорлар уни 2018 йилнинг июнь ойигача шифохонада сақлаб беришди. Сўнгра «уйингизга олиб кетсангиз, уйдаги муҳитни сезиб, очиқ ҳаводан нафас олиб, тузалиб кетади» деб уйга мажбуран рухсат берворишди. Мен «Қизимни соппа-соғ олиб келганман, қачон ўзига келиб, соғайса, кейин олиб кетаман» десам ҳам шифокорлар мени алдашди», – дейди Гулчеҳра Назарова, Мадина Йўлдошеванинг онаси.
«11 ойдан буён ҳамма нарсамизни сотиб, шу қизимнинг соғайиши учун ҳаракат қилаяпмиз. Ёрдам сўраб бормаган идорам қолмади. Тиббиёт ходимлари лоақал бир марталик ордер олиб беришмаяпти. Ҳамма ҳужжатларни Асроржон деган дўхтир олиб кетган эди. Асроржондан ордер ҳақида сўрасак, у «ҳужжатлар Умид акада, ўша киши Фарғонага олиб кетган. Сизларга тез кунда бир марталик ордер тўғрилаб берамиз» деди. Аммо ҳужжатларни ҳам, ордерни ҳам олмадик», – дейди Гулчеҳра Назарова.Бувайда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Асроржон Раҳимов тез орада беморга текширувлардан бепул ўтиши учун бир марталик ордер берилишини айтди.
Изоҳ (0)