Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов бошқарди.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил биринчи ярмига мўлжалланган устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Жумладан, Парламентда қабул қилинадиган Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини аҳоли ва махсус ижрочиларга етказиш, 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловларига тайёргарлик кўриш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар режалари тузиб олинди. Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик, аҳолининг электорал фаоллигини ошириш, сайлов органлари ходимларининг касбий маҳоратини юксалтиришга қаратилган чоралар кўриш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш каби йўналишлар асосий вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, Хоразм вилоятида бўшаб қолган ўринга Олий Мажлис Сенати аъзоси сайлови бўйича бўлиб ўтган қўшма мажлисда сайланган Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановни Сенат аъзоси этиб рўйхатга олиш ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)