Ўзбекистон очиқлик ва иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга илк қадамларини қўя бошлади. 2016 йилнинг декабрь ойидан бери янги сайланган Президент ташаббуслари туфайли мамлакат қўшнилари билан алоқаларни тиклади ва ички ислоҳотлар жараёнини бошлаб юборди. Кўплаб ўзгаришлар қаторида Ўзбекистон баъзи мамлакатлар фуқаролари учун виза олиш шартини бекор қилди. Бу халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жамиятнинг бир қисми бу ўзгаришларни қўллаб-қувватласа, бир қисми эҳтиёткорликка чорламоқда, чунки, уларнинг айтишича, Ўзбекистонга носоғлом фикрлар ҳам тўсиқларсиз кириб келиш имкони бор. Ўзбекистонлик мутахассис, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров иккинчи гуруҳ вакилларининг ушбу таҳдидлари қай даражада асосли ёки асосли эмаслиги борасидаги фикрларини «Дарё»га тақдим этган мақоласида билдириб ўтди. Унинг фикрича, миссионерлик фаолиятини юритувчи ташкилотлар ҳамда иқтисодий манфаатларни кўзловчи баъзи гуруҳлар мамлакатнинг маданий-маънавий қиёфасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу фикрларини далиллаш мақсадида мутахассис ўзи яшаб турган Жанубий Корея тарихидан мисоллар келтиради.
Ўзбекистонга келиб, «ноқонуний воизлик фаолияти», махфий воизлик ва ёш авлодни бошқа динларга ўтказиш ишлари билан шуғулланадиган жамоалар йўқ эмас. Ғарб мамлакатларидан ташқарида глобал насроний черкови ривожланиш баробарида, черков раҳбариятида Африка, Жанубий Америка, Жануби-шарқий Осий ва Шарқий Европада миссионерларни жўнатиш тизимларини ривожлантириш ниятлари мавжуд. Глобал черков томонидан Ғарб дунёсидан ташқарига миссонерларни жўнатиш самарали амалга оширилиши сўнгги ўн йилликларда Жанубий Корея мамлакатида кузатилмоқда. Сўнгги 35 йил ичида Жанубий Корея насроний черкови 20 000 дан ортиқ миссионерни жаҳоннинг турли нуқталарига жўнатган.
Умуман, жаҳонга очилиб бораётган мамлакатга соғлом кучлар қаторида миссионерлар кириб келиши ҳам тарихан кузатилган. Қуйида мазкур масалада Жанубий Корея тажрибасини ўрганиб чиқамиз. Бу масаланинг моҳиятини тушунишга ҳамда бундай ҳолатларда қандай чора кўриш кераклигини билиб олишга ёрдам беради.
Кореяга Шимолий Америка насронийлигининг кириб келиши
Шимолий Америка миссионерларининг иш услуби ҳайратга солади. Кореяда «методист» ва «пресвитериан» руҳонийлар ўз ҳаракатларини имкон бўлган ҳар қандай вазиятда ижтимоий миссионерлик ва кўчаларда ваъз ўқиш усуллари билан 1884 йилда бошлаган. Корея вакилларини насронийликка ўгира олган бўлсалар-да, уларнинг ишлари олдларига мақсад қилиб қўйган оммавий насроний динига ўтиш кузатилмади. Кореяга жўнатилган илк пресвитериан миссионерлар Хитойнинг Чефо шаҳрида ишлаган доктор Жон Невиус номи билан аталган Невиус усулини қўллашган. Улар Хитойда ўзига кўмак берувчи, ўзини ўзи таъминловчи ва ўзини бошқарувчи принципларидан олган черков ҳаракатидан келиб чиққан ҳолда ўзини ўзи таъминлаш, ички захиралар ёрдамида ёйилиш, тарғибот ваъзларини ўқиш ва ўзини ўзи бошқаришга асосланган миссионерлик усули тарафдори бўлган. Бу усул кореялик эркак ва аёлларга тезлик билан Инжилни ўргатишга имкон берган ва улар маҳаллий руҳонийлар сифатида ишлашга қодир бўлган. Пировард натижада дарҳол ички захиралар эвазига фаолият олиб бориш черковни тезкорлик билан ривожлантириш учун идеал шароит бўлиб қолди. Бугунги кунда Кореяда фаолият олиб бораётган миссионерларнинг ишлари ўз эътиқодларини тарқатиш йўлида қўрқув йўқлиги нуқтаи назаридан Шимолий Америка миссионерларининг усуллари каби ҳайратомуздир.
Протестант гуруҳларининг Кореяда дастлабки йилларда олиб борган ишлари уч асосий босқичга бўлинади. Биринчи босқич 1884-1891 йилларга тўғри келади. Бу даврда дастлаб тиббий миссионерлар Кореяга келишган. Тиббиёт иши миссионерлик учун жуда ижобий ҳисобланади, чунки шифокорларда кореяликлар ва Корея маданиятига яқиндан йўл очиш учун имконият мавжуд. 1885 йилда миссонерлар Кореяда Ихва мактаби деб номланган биринчи қизлар мактабини очган. Кўп кореяликлар учун қизлар мактаби эшикларининг очилиши ҳайрат уйғотган. Бугунги кунда Ихва аёллар университети Осиёдаги энг катта аёллар коллежи ҳисобланади. Ушбу коллеж ҳаёти 1886 йилда миссионерлар томонидан атиги битта талаба билан кичик бир мактабга асос солиш билан бошланган. Дастлаб миссионерлар қизлар мактабини очиш ҳақида тавсиялар беришганда, фикр инкор қилинибгина қолинмай, кореяликлар томонидан масхара ҳам қилинган, чунки Конфуций фалсафаси асосида яшайдиган бу жамиятда таълим қадрланса-да, кореяликлар аёлларга маълумот беришдан фойда келади деб ўйлашмаган. Одатда бой оилалар қизлари ёшлик даврларида ёлғиз ҳаёт кечиришар ва жамиятдаги тартибга кўра улар ёш чоғларида турмушга чиқишар эди. Камбағалроқ оилалар қизлари мактабга боришини хоҳламас, чунки улар қизларини раққосалар сифатида сотишдан фойда олар эди.
Ихва мактаби ўқитувчилари кореялик қизларни америкалик хонимлар — леди қилиб эмас, оила бекаси сифатида тарбиялашга уринишар эди. Бу миссионерларга наф келтирар эди, чунки уларнинг мактабларида олган таълим туфайли бу аёллар ўз оилаларига насроний тарбияни олиб кирар эди. Таҳсил тугагач, янгича таълим олган аёллар ўз оилаларидаги вазифаларига қайтиш имкониятига эга эдилар. Ёш қизлар насронийлик илмини ота-оналарига ҳам етказиши ва уларнинг қалбига бу дин уруғини экишига умид бор эди.
Бошқа миссионерлик гуруҳлари ҳам шу йўлдан борган. Дастлаб келган америкалик миссионерлар гуруҳлари орасида Андервуд оиласи Йонсей университети асосчиларидан бири бўлган. Йонсейнинг биринчи номи Чосун Инжили коллежи бўлган. Ҳозирги кунда университет Жанубий Кореядаги энг нуфузли уч ОТМ қаторида бўлиб, доимо QS Жаҳон университетларининг нуфузи жадвалида 100 ликдан жой олади.
Чет мамлакатларга чиқишга тақиқ бекор қилингач, кореялик миссионерлар учун янги эшиклар очилди
1988 йилги Олимпия ўйинларини муваффақиятли ўтказгач, ҳукумат кореяликларга чет элларга эркин саёҳат қилиш учун ижозат берди. Жиноий иш қилгани учун судланмаган бўлса, ҳар қандай Корея фуқароси паспорт олиб ўз хоҳиши билан чет элга чиқиш имконига эга бўлди. Бу бурилиш нуқтаси бўлди — шу пайтдан бошлаб Корея миссионерлари ўз вакилларини жаҳон бўйлаб жўната бошлади.
1990 йилда Михаил Горбачёв СССР парчаланишини эълон қилгач, миссионерлик иши учун Марказий Осиё мамлакатларининг эшиклари кенг очилди. У мамлакатларда 1937 йилда Сталин тарқатиб юборган этник корейс халқига мансуб одамларнинг 500 000 нафари яшаётган эди. Икки йилдан кейин Корея ва Хитой дипломатик алоқалар ўрнатди, худди Марказий Осиёда бўлгани каби, Корея миссионерлари Хитойга қадам қўйди, у ерда эса аллақачон 2,7 миллион корейс яшар ва Кореядан келган миссионерларга ёрдамга шай эди.
Корея жаҳонда миссионерларни «энг кўп экспорт қилувчи» давлатларнинг иккинчиси
Жанубий Корея жаҳон бўйлаб миссионерларни энг кўп жўнатувчи мамлакатлардан бири экани, бу борада Қўшма Штатлардан кейин иккинчи ўринда туриши кўпчиликни ҳайрон қолдириши мумкин. Глобал миссионерлик ҳаракатини ўрганиш бўйича экспертларнинг айтишича, сўнгги ярим аср даврида Жанубий Корея миссионерларининг насронийликни тарқатиш ишида қўшган ҳиссалари кишини лол қолдиради. 1974 йили Корея черковлари расман 24 миссионерлик гуруҳларини дунё бўйлаб жўнатишган ва 44 йилдан кейин бугунга келиб 28 000 Кореядан келган миссионер дунёнинг 170 мамлакатида хизмат кўрсатмоқда.
1885 йил ҳолатига кўра мамлакатнинг атиги 1 фоиз аҳолиси насроний динига риоя қилар эди. Миссионерлар Корея ярим оролига дастлаб етиб келганларидан 133 йил ўтгач, Жанубий Корея аҳолисининг чорагидан кўпроқ қисми насроний динига мансуб. Уларнинг аксарияти протестантлик йўналишига эътиқод қилади. 2017 йилдаги диндорлик ҳақида рақамларлада кескин ўзгариш кузатилади. Борган сайин материалистик ғоялар тарафдорлари кўпайиб бормоқда ва бугунда Корея аҳолисининг ярмидан кўпроғи атеистлардир. Фақат 46,7 фоиз аҳоли диндор. Ҳозир 20,3 фоиз аҳоли насроний, 19,6 фоиз аҳоли буддист. Уларнинг ўрни алмашди. Бугунги кунда Кореяда будда эътиқоди етакчи дин дейиш амримаҳол.
Кореяда насронийлик дини вакиллари ўз эътиқодларини буддистларга кўра фаолроқ ва агрессивроқ ташвиқот қилади. Кореяда черковлар сони жуда ҳам кўп, насронийлар ўз ишларини нисбатан яхшироқ йўлга қўйгани ва мунтазам бир-бири билан мулоқот қилиши, ёрдам беришига ўзим гувоҳ бўлганман. Улар ўсмирлар ва умуман ёш авлодни қай усулда ўз томонига тортишни билади.
Буддизм динига назар солсак, ҳолат бунақа эмас. Одатда буддавий ибодатхоналар Кореянинг тоғли ҳудудларида жойлашган, Сеул шаҳрининг баъзи махсус жойларидан ташқари, турар жойларга яқин ҳудудларда бундай ибодатхона топиш амримаҳол. Яъни, бу маънода географик яқинлик, кириш ва боришнинг осон ва қулайлиги жуда муҳим рол ўйнайди.
Бугунги кунда Сеул улкан черковлар сони бўйча дунёда биринчи ўринда туради. Ҳақиқатан ҳам, дунёнинг энг катта 10 черковнинг олтитаси Жанубий Кореяда жойлашган. 2012 йилда, ҳукумат расмий статистик маълумотларига кўра, мамлакатда 77 000 протестант черкови мавжуд экан, яъни уларнинг сони ўша даврда мамлакатда фаолият юритаётган туну-кун ишлайдиган дўконларнинг сонидан уч баробар кўп экан.
Жанубий Кореяда черковлар ўз вакилларига бошқа мамлакатларга қисқа муддатли миссионерлик ташрифи буюриши учун қулайлик яратади. Бундай мамлакатлар сирасига Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам киради. Корея черковлари ўз аъзоларини ёзги таътил вақтларидан чет мамлакатларга танишиш саёҳатлари уюштириш ва қисқа муддатли миссионерлик ишларини ташкил қилиш учун фойдаланади. Бундай саёҳатлардан қайтиб келган ёшлар одатда ўзларини миссионерлик ишига бағишлайди.
Баъзи черковларнинг фалсафаси қуйидагича: агар черковнинг ишлари яхши ва кучли бўлса, бундай черков миссионерларни жойларга жўнатиб, черковнинг ишини дунё бўйлаб тарқатиши лозим. Шунинг учун кўплаб миссионерлик жамоалари Корея черковлари томонидан қарийб мусобақа тарзида жўнатилган.
Миссионерларини дунёнинг турли бурчакларига жўната олган черковлар бундан фахрланади, миссионер жўната олмаган черковлар эса ўз ҳолатларидан уялишади. Шунингдек, черков ва у черков жўнатган миссионерлик жамоаси орасида мустаҳкам алоқа мавжуд бўлади.
Сиёсий бўшлиқ туфайли Кореяда насронийликнинг тарқалиши
Кореяда ўз илдизларини 688 йилдан бери ота бошлаган буддизмни насронийлик нари борса уч юз йил ичида орқада қолдиргани албатта чуқур таассурот қолдиради. Дастлабки протестант миссионерлар ушбу мамлакатга XIX асрнинг охирида келган, Корея давлат бошлиқларига уруш даврларида таълим берган, урушдан ҳолдан тойган ва икки қарама-қарши томонга бўлинган миллатга ёрдам бериш фурсатидан унумли фойдаланган. Эндиликда Жанубий Корея жаҳонда энг кўп насронийлик уммати борлиги билан эътироф этилади: 1973 йилда буддистликдан насронийликка ўгирилган бир руҳоний томонидан асос солинган 1 000 000 диндор бор улкан Йоидо тўла Инжил черкови (Yoido Full Gospel Church). Таъкидлаш жоизки, ушбу черков ўзининг 5 000 «йўлдош» черковларини ташкил этган. Улар корейс тилидан ташқари олти тилда ибодатлар уюштиришига қарамай, атиги 43 000 ибодат қилувчиси бор.
Дин билан одатда содир бўлганидай, насронийлик ўз имкониятидан сиёсий бўшлиқ пайдо бўлган заҳоти фойдаланиб олди: 1910 йилда Чосон сулоласи мағлубиятга учраб, Корея Японияга қўшиб олингач, мустамлака остида қолган кореяликлар ўз миллий белгилари парчаланиб кетишини, зўрлик билан япон тили ва одатлари жорий қилинишини даҳшат билан кузатди. Корея урушида АҚШ ҳарбийлари таъсирида кўплаб корейс аскарлар хизмат даврида насронийликни қабул қилган.
Янги дин Корея қадриятларининг емирилишини англатадими?
Баъзи одамларда фундаментал насронийлар «кореяга хос» қадриятлар ва хазиналарни емиришга ҳаракат қилади деган шубҳа мавжуд. Баъзи радикал ниятлардаги черковлар «самульнори»ларни — анъанавий деҳқонлар қўшиқларини куйловчи гуруҳларни оммавий чиқишларда ман қилган. Гўёки келиб чиқиши шомонликка тақаладиган мусиқа шайтонни уйғотармиш. Бошқа баъзи насроний гуруҳлар ота-оналари ва оила аъзолари буддист бўлган кореяликлар учун жуда муҳим бўлган оилавий алоқаларни пароканда қилган, чунки, уларнинг фикрича, ғайридинларнинг барчаси дўзахга борармиш. Яна бир қисм черков уммати кўчаларда йўловчи одамларни тўхтатиб, уларнинг руҳини қутқариш ҳақида қайғуришини уқтиради, турли брошюраларни тарқатади; алоҳида олинган битта одамнинг орқасидан бир неча уйдан ўтгунча, у улар берган нарсани олмагунча боради ва шундан кейингина уни ўз ҳолига қўяди. Баъзи черковлар аъзоларига бегоналар билан турмуш қуришни тақиқлайди. Диндорларнинг янги авлоди ва ота-оналари орасида асосий фарқ — улар динни одатий мерос сифатида эмас, балки онгли равишда қабул қилади; бунинг натижасида улар ўз буддавий ёки атеист оилаларидан ажратиб олинган ёки насронийлик ҳаётига бўлган муҳаббатлари туфайли ўз хоҳишлари билан оилаларини бутунлай тарк этган.
Дин масаласига келганда кўп ҳолларда кореяликларни «инструменталистлар» деб танқид қилишади; бошқача айтганда, бу халқ динга ўз мақсадларига эришиш учун ёрдам берадиган бўлса қўшилишади. Масалан, Кореядаги улкан черковлар ёлғиз одамлар, хусусан, оилаларидан алоҳида яшайдиганлар учун кўпсонли одамлар билан алоқа ўрнатиш учун жуда қулай восита ҳисобланади.
Бир-бирига чамбарчас ва яқин боғлиқ бундай жамоалар ташқи дунёдан бехабар қолиб, ўз қобиғида қолиб кетишга олиб келиши мумкин. Черков гирдобига кириб қолдингизми, ундан чиқиб кетиш жуда қийин. «Қочоқлар» биродарлар орасида бармоқ билан кўрсатилиб, «ёмон» насроний хулқ ёки «суюкли биродарлар ва опа-сингилларнинг» салбий намунаси сифатида танқид қилинади. Инжилни кўрсатилгандай ўқий олмаганлар, руҳонийнинг фикрига қўшилмаганлар, ёки ўз даромадларининг талаб қилинадиган 10 фоиз черков ҳисобига тўламайдиганлар (уларни «сипило» деб аташади) черковдан бегона қилинишини ҳис қилиши мумкин.
Кунлик иш вақти 14 соат давом этиши меъёр ҳисобланган жамиятда оғир меҳнат ва тўлалигича садоқат эътиқод ҳаётини ҳал қилувчи омилларидир. Кўплаб черков аъзолари оғир иш, оила ва черковнинг ҳаддан зиёд талабларига бардош бера олмаётганликларини тан олган. Аксар улкан черковлар «қисман аъзо бўладиган аъзоларга» ҳам эътибор беради. Миссионерлик иши кучли тарғиб қилинади ва маҳаллий аҳоли орасида «Инжилга ўгириш» вазифа ҳисобланади.
Черковларнинг иқтисодий мавқеи
Корея черковларида 10 фоиз «мажбурий» улуш — «десятина» мавжуд, улар, черков аъзолари ойлик иш ҳақидан ва у иш ҳақининг ҳажмидан қатъий назар, мажбурий ҳисобланади. Айтайлик, Ёидо тўлиқ Инжил черковидаги аъзоларнинг ҳар бири йилига 24 000 доллар миқдорида энг кам маош олади. Бир миллиондан ортиқ аъзоларидан бир ойда черковнинг фақат асосий қисмидан «улуш» тўловлари 200 миллион долларни ташкил қилади. Бу пулнинг бир қисми Сеулдаги 10 қаватли Инжил маркази ва телевидение студиясига сарфланса-да, бу жуда катта пул, ва кўп черковларда бу хайр-эҳсон эмас, балки мажбурийдир.
Готик меъморчилиги ёки бой рангли ранг-баранг либослар ёки тинчлантирувчи хушбўйлардан воз кечиш билан замонавий Корея черкови пластик материалдан ясалган пойдеворлар орқасида ўрнатилган катта экранларга ва яхши онлайн веб-сайтларда ваъзхонлик қилинади. Кўпгина черков бинолари кўпинча яқин атрофдаги офис комплексларидан фарқ қилмайди. Албатта, ҳақиқий иймон ажойиб моддий намойиш билан аралаштирилмаслиги керак, бироқ Жанубий Кореянинг ёши катта авлоди — ҳатто ўзларини ҳеч қандай дин билан алоқаси бўлмаган айрим ёшлар ҳам — ҳозирги пайтда рангли Корея анъаналарини асраб қолиш учун курашиши керак деган фикр мавжуд. Масалан, самульнори, деҳқонлар рақси ва шомонлик унсурлари туристларга таништириладиган биринчи нарсалар бўлмасдан, аксинча, оммага кенг тарғиб қилинадиган дин маданияти кўрсатилади, булар эса Корея тарихини англатмайди ҳам, сайёҳларга мамлакатнинг ўзига хослигини сингдирмайди ҳам.
Диннинг сиёсатга таъсири
Узоқ вақтдан бери Жанубий Корея протестантлари сиёсий ғоялари бир хиллиги туфайли мамлакатнинг ўнг қанот сиёсатдонларининг ишончли тарафдорлари бўлиб келмоқда. Гуллаб-яшнашга элтувчи Инжил ва коммунизмга қарши собит мухолифат Жанубий Кореядаги кўплаб евангелист руҳонийларининг тамал тоши бўлиб келмоқда — бу улар тижоратчилар тарафдорлари ва Шимолий Кореяга қарши сиёсатдонлар билан ҳамфикр эканликларини англатади.
Америкалик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, Жанубий Корея сиёсатчилари ўз сайловолди хатти-ҳаракатларида ўз эътиқодлари ёки қариндош-уруғларига ишонмайди; шундай қилса эди, сайловчиларнинг жиддий қисмини йўқотган бўларди, чунки президентликка номзодлар «барча кореяликларнинг президенти бўлишга ният қилганликларини ёддан чиқармасликлари лозим». Собиқ президент Ли Мун Бак бундан мустасно: у Сеулдаги Гангнам туманидаги улкан консерватив черковда раҳбарлардан бири бўлган. Унинг рақиблари ушбу черковнинг сайловчиларга жуда кучли таъсир ўтказганлигини эътироф этган.
Президент лавозимида коррупция можаролари ортида, кўплаб ёшлар турли бу қоидабузарликлар тўғридан-тўғри сиёсий ва тижорат элитасига йўналтирилган деган фикрда эмас; булар катта катта насроний гуруҳлар ўз аъзоларини йўқота бораётганининг қисман сабаби ҳамдир. Бундай улкан черковларнинг аксарияти пул ва ҳукумат ботқоғига ботган. Черков руҳонийси черков аъзоларини, сиёсий режаси кучсиз бўлганлиги сабабли сайловда ютиб чиқмаса-да, у ёки бу номзодга овоз беришини сўраши мумкин.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)