Олий Мажлис Сенатининг ХVII ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Уруғчилик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди, деб хабар берди «Дарё» мухбири Севара Нишонова.
Мазкур қонун уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Уруғликни экспорт қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уруғчилик соҳасида субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш ҳам қонунни ишлаб чиқишдан кўзлаган мақсадлардан.
Қонунда инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган. Инфратузилма ва сервис хизматларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва фаолиятнинг замонавий шаклларини жорий этишга эътибор қаратилган.
Уруғликларни кўпайтиришнинг ва улар билан истеъмолчиларни таъминлашнинг самарали тизимини яратишни назарда тутадиган уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда.
Уруғликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, уларга ишлов бериш, уларни сақлаш, ишлатиш ва реализация қилиш масалалари тартибга солинмоқда. Уруғлик етиштирувчиларнинг реестрини юритиш тартиби ҳам белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонун уруғчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини янада такомиллаштиради. Уруғликларни экспорт қилиш, уруғликлар тоифаларини халқаро тоифаларга мувофиқ белгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратади.
Уруғчилик соҳасидаги субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилашга, уруғликлар сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)