Давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Йўриқномага мувофиқ, давлат ёнғин назоратини (ДЁН) амалга оширишда юқори турувчи инспекторларнинг кўрсатмалари ва фармойишлари қуйи инспекторлар томонидан бажарилиши шарт ҳамда уларнинг фаолиятига бошқа мансабдор шахсларнинг аралашишига йўл қўйилмайди.
Йўриқнома билан ДЁН органлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди. Хусусан? давлат ёнғин назорати органлари доимий равишда ёнғинга қарши тарғиботни олиб бориши лозим.
Ҳар бир инспектор ойлик иш режа-жадвалини тузади. Режадаги айрим тадбирлар бажарилмай қолган ҳолатларда бажарилмаганлиги сабаблари ҳақида билдирги ёзилади.
Юридик ёки жисмоний шахснинг мулкий комплекси (объектлар) ДЁН органи раҳбарининг фармойиши билан инспекторларга бириктирилади. Ушбу фармойиш амал қилиш муддати тугагандан сўнг уч йил сақланади.
Объектлар иш режалар асосида йилига камида икки маротаба, яъни режали ва назорат тартибида текширилади.
Аҳоли яшаш уйларини текшириш хусусий мулк эгалари ёки ижарачининг розилиги асосида ўтказилади.