Фарғона водийси вилоятларини Тошкент шаҳри билан боғловчи миллий автомагистрал йўлида турли юк ва маҳсулотларни ташувчи ҳайдовчиларга босқинчилик қилиб, моддий бойликларни талаган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан 11 кишидан иборат жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан ҳукм ўқилди.
Бу жиноий гуруҳ транспорт воситасида Андижон—Тошкент—Андижон йўналишида йўловчи ва моддий қимматликлар ташувчи ҳайдовчиларга нисбатан босқинчилик қилиш, шу йўл билан осонгина бойликка эга чиқишни режалаштирган эди. Мазкур жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган бўлиб, кимдир жиноят содир этиш қуроллари ва воситаларини тайёрлаб бериш, яна кимдир эса автомашиналарнинг ҳаракатланиш вақти ҳақида хабар бериб туриш, қолганлари эса бевосита жиноятни бажариш билан шуғулланиб келган.
Энг ачинарлиси шуки, улардан 1 нафари ички ишлар идораси, 2 нафари эса давлат солиқ инспекциясининг собиқ ходимидир.
Андижон вилояти Қорасув шаҳрилик Дониёр Юлдашев илгари оғир жиноятини содир этганлиги учун судланган. У жиноят содир этишга мойил бўлган бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, йўловчи ва моддий қимматликлар ташувчи ҳайдовчиларни аниқлаб, босқинчилик йўли билан қўлга киритилган моддий қимматликлардан улуш олишни режалаштирган.
2018 йил 4 май куни жиноий ҳаракатни амалга ошириш учун олдиндан режа тузилади. Р. Ҳакимов «Афзал» деган шахс билан учрашиб, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи Д.Маматўраев ўзининг бошқарувидаги Lacetti русумли транспорт воситасида Тошкент — Андижон йўналишида катта миқдорда пул олиб келиши мумкинлиги ҳақида маълумот беради.
Бундан ташқари, у илгари оғир (босқинчилик) жиноятини содир этганлиги учун судланган Л.Исомиддинов ва бошқалар билан учрашиб, уларга Қўрғонтепа тумани, Қорасув шаҳрида яшовчи М.Исмоилов ўзининг бошқарувидаги Lacetti русумли транспорт воситасида 2018 йил 20 май куни тунда Тошкент — Қорасув йўналишида пул олиб келиши мумкинлиги ҳақида маълумот берган.
«Катта ўлжа»нинг «ҳидини олган» Р.Ҳакимов Д.Юлдашевнинг ташаббусини амалга ошириш мақсадида акаси Б.Ҳакимов ва Ф.Бекташев, Ж.Аҳмаджонов, Ж.Тожимаҳамматов, Қ.Латипов билан жиноятни амалга ошириш учун қора маска, қўлқоп, ёғоч ва резина таёқлар билан қуролланиб, Тошкентдан келаётган «ўлжа»ни пойлашга тушишади.
3 майдан 4 майга ўтар кечаси жиноий гуруҳ аъзолари ҳар бири ўз вазифаларини «сидқидилдан» бажариб, Д.Маматўраев бошқарувидаги Lacetti’ни тўхтатиб, ҳайдовчи ва йўловчиларга ҳужум қилади. Уларни қўрқитиб, транспорт воситасининг орқа-ён ойналарини ўзларидаги ёғоч ва резина таёқлар билан уриб синдиради. Ҳайдовчи ва йўловчиларни транспорт воситасидан тушириб юборишиб, Lacetti’ни олиб қочади.
Шундан сўнг олиб қочилган Lacetti’ни бир неча километр бошқариб бориб, Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, Уч уй—Қизилтепа автомобиль йўлининг 3-километрида тўхташади. Эшик ва юкхонадаги пластмасса қопламаларни кўчиришиб, автомобиль салонидан «ўлжа»ни ахтаришади. Лекин ўзлари кутганидек, пулни тополмай, машинани шу жойда қолдириб, ўз машиналарида воқеа жойидан яширинади.
Шунингдек, Л.Исомиддинов, Ф.Юлдашев, И.Зокиров ва Ш.Собиров 20 май куни тунги вақтда «Тошкент — Қорасув» йўналишида ҳаракатланаётган М.Исмоилов бошқарувидаги Lacetti русумли транспорт воситасида бўлиши мумкин бўлган пулни босқинчилик йўли билан эгалламоқчи бўлди. Жиноят изини йўқотиш мақсадида андижонлик Ё.Э.га тегишли бўлган «МАЗ-504В» русумли транспорт воситасининг давлат рақам белгисини Ф.Б. бошқарувидаги Lacetti автомобилига «ёпиштириб» олишади. Уларнинг босқинчилик жинояти ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра содир этилиши бошлангунга қадар тайёргарлик кўриш босқичида тўхтатилган. Бўз туман ИИБ ходимлари томонидан улар қўлга олинган.
Тергов жараёнида «қароқчилар»нинг бошқа қилмишлари ҳам юз кўрсата бошлади. Барча далиллар асосида бу йигитларнинг қилмишлари фош бўлди. Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида М. Ибрагимов расилигида мазкур жиноят иши адолатли кўриб чиқилиб, судланувчиларга нисбатан ҳукм ўқилди. Д. Юлдашевга 11 йил, бошқа судланувчиларга ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.