2019 йилнинг 1 январидан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий меъёри жорий этилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Иситиш мавсумида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонент учун ойига минг куб метр, бошқа ойларда эса бу миқдор 250 куб метр ҳажмда белгиланади. Аҳоли билан ҳисоб-китоблар чоғида юқорида кўрсатилган меъёрдан ортиқча сарфланган табиий газ учун тўлов 1,2 баробар оширилган коэффицент ҳисобида амалга оширилиши белгиланган.
«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти ушбу қарор мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш мақсадида тумандаги «Анорзор» маҳалла фуқаролар йиғинида тарғибот тадбири ўтказди.
—Ҳудуддаги маҳаллалар фаоллари билан биргаликда аҳолининг истеъмол маданиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ишларни олиб бормоқдамиз, — дейди Тошкент шаҳри бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали етакчи муҳандиси Одил Ваҳобов. — Бугунги кунда «Анорзор» маҳалла фуқаролар йиғинида 372 хонадон мавжуд бўлиб, уларда 547 оила истиқомат қилади. Қиш кунлари бу ердаги айрим хонадонларнинг 2-3 иситиш мосламасидан фойдаланиш ҳолати ҳам кузатилади. Мазкур қарорга кўра, Юнусобод туманидаги ҳар бир абонент томонидан истеъмол қилинган табиий газ миқдори вақтида ойма-ой «Биллингаз» дастурига киритилиши учун истеъмолчининг ўзи истеъмол ҳажми тўғрисидаги маълумотни тақдим қилиб бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Иситиш мавсумининг давомийлиги эса шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асосида белгиланади.
Ушбу эксперимент келгусида бошқа ҳудудларга ҳам жорий этилиши кутилмоқда.