Ўзбекистонда айрим фуқаролар томонидан ўқ-дориларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтишга уринишлар кўзга ташланмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Навоий» чегара божхона пости ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ушбу пост ҳудудидаги чиқиндилар қутисига номаълум шахс томонидан 2 дона ПМ-49 русумли газ тўппончаси ташлаб кетилганини аниқланди. Ҳозирда топилган қуроллар эгасини аниқлаш юзасидан тезкор қидирув ва суриштирув жараёни давом эттирилмоқда.
Мазкур пост ходимлари аниқлаган яна бир қонунбузилиш ҳолатида эса қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Б.Р.га тегишли автомашина белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, автомашина салонининг пол қисмидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўров давомида айтилмаган, полиэтилен идишга солинган, умумий оғирлиги 10 килограмм 4 миллиметрли ов милтиғи сочма ўқларини республикага олиб ўтаётганлиги аниқланди.
«Ғишткўприк» чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар вакиллари билан ҳамкорликда ушбу постга кириб келган фуқаро Г.З.нинг қўл юклари орасидан божхона ходимларининг оғзаки сўровда тақдим қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 11 дона 12 калибрлик гилза, 2 дона елим идишда оғирлиги 3,2 килограмм бўлган қўрғошин ўқлар ҳамда 1 дона полиэтилен пакетда 231 грамм бўлган пробкалар топилди.
Шу пост ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келган фуқаро М.Я. га тегишли бўлган Lacetti русумли автоулов холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганида, автоулов салон қисмидаги магнитофон остида жойлашган тортмасидан 1 дона 9 миллиметрли, ташқи кўринишидан Макаров тўппончаси учун мўлжалланган жанговар ўқ борлиги аниқланди.
Тошкент халқаро аэропортида ҳам божхоначилар шунга ўхшаш ҳолатни фош қилди. Калининградга парвози олдидан хорижий фуқаро Ч.I. нинг қўл сумкаси назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, декларацияланмаган жами 4 дона патрон борлиги аниқланди.
Йўловчи ушбу патронларни гўёки эсдалик совға сифатида олиб кетаётганини маълум қилган бўлса-да, бу уни жавобгарликдан озод қилмайди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом этмоқда.