Украина президенти Пётр Порошенко 2019 йилнинг 1 апрелидан Украина ва Россия ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик келишувининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.
Украина етакчиси келишув амал қилишининг тўхтатилишини алоҳида эпизод сифатида эмас, мамлакатнинг «мустамлакачилик ўтмиши билан алоқани тамоман узиш ва Европа томонга йўналишни ўзгартириш» стратегиясининг бир қисми сифатида кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади.
Порошенко бу стратегиянинг бошқа таркибий қисмларини Европа Иттифоқи билан визасиз режим, Украинанинг Европа Иттифоқи билан ассоциацияси тўғрисидаги келишув, МДҲдан чиқиш, Украина конституциясида НАТО ва Европа Иттифоқига кириш йўналишини мустаҳкамлаш, кучли, ватанпарвар ва профессионал армияни яратиш ва бошқалар ташкил этишини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)