Германиянинг «Христиан-демократик иттифоқи» партияси янги раисни сайлади. Мазкур лавозимни 18 йил эгаллаб келган Ангела Меркель ўрнини Аннегрет Крамп-Карренбауэр эгаллайди. Ушбу қарор 7 декабрь куни Гамбургда партия съездида қабул қилинди, деб ёзади Reuters.
Партиянинг бош котиби ва Саар ери собиқ бош вазири лавозим учун курашда ХДИ фракцияси ва Христиан-социал иттифоқининг бундестагдаги собиқ раҳбари Фридрих Мерцни ортда қолдирди. Улар тегишли равишда 517 ва 482 тадан овоз олди. Асосий номзодлардан учинчиси — соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпаннинг номзоди овоз беришнинг биринчи раундидан сўнг чиқиб кетди.
Съездда жами 1 001 нафар делегат иштирок этади. ХДИ раиси сайловлари аноним тарзда ўтказилади. Биринчи турдаги ғалаба учун номзод мутлоқ кўпчилик овозни тўплаши лозим. Акс ҳолда икки номзод иштирокида иккинчи тур ўтказилади.
Изоҳ (0)