Автомобиль йўлларини қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ишларни ташкил этишнинг илғор хорижий услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Қарор билан автомобиль йўлларини қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги устувор вазифалар белгиланди.
Шунингдек, эндиликда йўл қурилишини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқишда иштирок этиш учун етакчи хорижий консалтинг компаниялари жалб этилади. Хусусан, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси 2018 йил 30 декабргача Германия тажрибасини ўрганган ҳолда хорижий консултант иштирокини таъминлайди.
Ушбу Ривожлантириш стратегияси автомобиль йўллари соҳасига замонавий стандартлар ва технологияларни жорий этиш, 2020—2040 йилларда йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурларини ишлаб чиқишга йўналтирилади.
Ҳукумат автомобиль йўллари соҳасида замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этиш, автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларини лойиҳалашда немис компаниялари — OBERMEYER Panen+Beraten GmbH, Lahmeyer Internetional GmbH, Lomb Ingenieurgesellschaft mbH, INROS LACKNER SE ва бошқалар билан ҳамкорлик ўрнатиш учун ишчи гуруҳ ташкил этади.
Қарор билан Автомобиль йўллари давлат қўмитасига 2019 йил 10 февралгача автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.
Молия вазирлиги автомобиль йўллари соҳасида давлат-хусусий шериклик тамойилларини жорий этиш чора-тадбирларини кўради.
2019 йилдан бошлаб йўл хўжалигида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олишни кўзда тутадиган тартиб босқичма-босқич жорий этилади.
Шунингдек қарор билан 2018—2019 йилларда йўл қурилиши соҳасида илғор хорижий услубларни жорий этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
«Йўл харитаси» доирасида 2019 йилда Ўзбекистоннинг Халқаро муҳандислар-консултантлар федерациясига (FIDIC) кириши бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган.
Изоҳ (0)