Шу кунларда Хитойнинг Сиань шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотларининг кўргазма майдони очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади ЎзА.
Қайд этилганидек, жамғарма вакиллари Хитойнинг Шанхай шаҳрида 5—10 ноябрда ўтказилган халқаро China International Import Expo 2018 кўргазмасида иштирок этган.
Мазкур кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган экспортбоп маҳсулотлар, хусусан қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар, тайёр текстил, алкоголь маҳсулотлари намойиш қилинган. Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон тадбиркорларига ўз маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорга олиб чиқиш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, товар рекламаси ва брендлаштириш ёрдамида харидор топишга кўмаклашиш мақсадида жамғарма ва «Шанси» эркин савдо зонаси маъмурияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон маҳсулотларининг Хитой бозорларига экспорт қилиниши юзасидан музокаралар олиб борилган. Томонлар ўтказиладиган кўргазма, ярмаркалар ҳамда Хитой бозори бўйича маркетинг тадқиқотлари билан мунтазам равишда маълумот алмашиш ҳақида ҳам келишувга эришган. Шунингдек, Хитой савдо зонаси маъмурияти томонидан жамғармага беғараз 500 квадрат метр кўргазма майдонда шоw роом учун жой ажратилган. Ҳозирги вақтда шоw роомънинг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 30 ноябрга қадар кўргазма майдонини миллий ва экспорт маҳсулотлари билан тўлдириш режалаштирилган.
Сиан шаҳрини Марказий Осиё ва Европа билан боғлайдиган «Чанъань» халқаро юк ташувчи поезди орқали Ўзбекистон маҳсулотларини «Шанси» эркин савдо зонасига тез ва қулай етказиб бериш мумкин. Бунда Дирексия томонидан 50 фоиз чегирма тақдим этилмоқда. Шу муносабат билан жамғарма Хитой бозорида ўз маҳсулотларини сотиш ва қўшимча реклама қилишни хоҳлаган барча маҳаллий хўжалик юритувчи субъектларни ҳамкорлик қилишга таклиф этади.
Жамғарма Хитойнинг Шанси провинциясида яна битта ваколатхона очишни режалаштирган.
Изоҳ (0)