Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида M&C Saatchi компанияси халқаро бизнес ва махсус лойиҳалар директори Сабрина Хейнеки билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Меҳмонни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов қабул қилди ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.
Вазирлик мактабларда замонавий методологиялар асосида хорижий тилларни ва информатика фанларини ўқитишни кучайтириб, мактаб битирувчиларига ахборот технологиялари соҳасида муносиб иш топиш имкониятини яратиш ниятида эканлиги таъкидланди.
Сабрина Хейнеки VR/AR технологиялари асосида хорижий тилларни ўрганиш бўйича янги маҳсулот ҳақида гапириб берди. Шу билан бирга, у болаларни истеъдодини аниқловчи ва уларни маълум бир мутахассисликка тайёрловчи компаниялар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ушбу компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш истаги борлиги айтиб ўтилди.
Изоҳ (0)