7 ноябрь куни соат 05:30 ларда Ғаллаорол тумани «Бахт» МФЙ Лалмикор кўчаси 28-уйда истиқомат қилувчи, вақтинча ишсиз 1981 йилда туғилган фуқаро С.Ш. ис газидан заҳарланиб туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган, деб хабар беради Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Аниқланишича, уй эгаси хонадонида ошхонада газ плитани ёқилган ҳолатда қолдириб уйқуга кетган. Тунги вақтда газ сизиб чиқиши оқибатида фуқаро ис газидан заҳарланган. Суриштирув ишлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Охирги вақтларда оммавий ахборот воситаларида ис газидан заҳарланишга доир кўплаб нохуш ҳолатлар учрамоқда. Об-ҳавонинг кескин совиши натижасида иссиқликка бўлган талабни қондириш мақсадида фуқаролар томонидан турли носоз, ностандарт иситиш воситаларидан фойдаланиш ёки ёнғин хавсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик натижасида ана шундай кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермоқда.
«Чоршанба – ёнғинлар профилактикаси куни» тадбири доирасида Жиззах вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқди.
Шунингдек маҳаллада яшовчи фуқароларга 424 дона эслатмалар тарқатилиб, 21 та кўп қаватли аҳоли яшаш уйларига кириш йўлакларига жами 42 та ис газидан заҳарланиш ва ёнғин содир бўлишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрсатилган эслатмалар ўрнатилди. Ҳудудда жойлашган 2 та газ тақсимлаш ва 1 та электр тақсимлаш қутиларининг ҳолати мутахассислар иштирокида кўриб чиқилди.
Аҳоли турар жойларида ис газидан заҳарланиш ва бошқа нохуш ҳолатларни олдини олиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида бир қатор ҳолатларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилиши аниқланди.
Жумладан, 3 та ҳолатда газ плитасидан дудбўронсиз, 2 та ҳолатда носоз иситиш печидан фойдаланиш ҳолати аниқланиб, камчиликлар шу жойнинг ўзида бартараф этилди.
Изоҳ (0)