6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Екатеринбург шаҳридаги бош консули Абдусалом Хатамов Свердлов вилоятининг губернатори Евгений Куйвашев билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон ва Россиянинг мазкур минтақаси ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Екатеринбург шаҳрида Бош консуллик иш бошлаши Ўзбекистон ва Свердлов вилояти муносабатларини ривожлантиришга янги туртки беради.
Губернаторнинг таъкидлашича, Свердлов вилояти Наманган вилояти билан алоқалар ўрнатмоқда. Томонлар келгуси мақсадлар тўғрисида баённома имзолади ва ҳамкорлик тўғрисида тўла қонли ҳужжат тайёрламоқда.
Савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш тўғрисида сўз борар экан 2017 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичлар билан солиштирганда Ўзбекистон ва Свердлов вилояти ўртасидаги савдо ҳажми 2018 йил давомида деярли 50 фоизга ошиб, 106 миллион АҚШ долларини ташкил этгани мамнуният билан қайд этилди.
Учрашувда бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Бош консуллик ва вилоят маъмурияти ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)