Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 октябрь куни қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш, маҳсулотлар экспортини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар, илмий ишланмалар, айниқса, томчилатиб суғориш технологиясини кенг жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Тегишли вазирлик ва ташкилотларга Россия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония ва бошқа давлатлар бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда янги ташкил қилган уюшмалар фаолиятига ҳам эътибор қаратилди. Улар ўз йўналишлари бўйича янгиликка интилмаётгани, соҳадаги ўрни сезилмаётгани танқид қилинди.
Қишлоқ хўжалиги тармоқларига инвестицияларни, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ерни ҳақиқий эгасига бериш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уруғчиликни ривожлантириш, минерал ўғитлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги техника паркини янгилаш, маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш ва бошқа йўналишларда долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Изоҳ (0)