Йиллар давомида ипакчилик соҳасига эътиборсизлик тут майдонларини асоссиз бузилишига сабаб бўлди. Тутзорлар уй- жой қуриш ва бошқа экинлар экиш мақсадида йўқ қилинди. Натижада ипак қурти озуқаси камайиб, ҳосилдорликка ўз таъсирини кўрсатди, деб ёзади ЎзА.
Айни кунларда озуқа базасини кучайтиришга киришган «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси вакиллари тут кўчатлари экиш ҳамда мавжудларини парваришлаш борасида бош қотирмоқда.
Яқинда ўтказилган хатлов натижасида 49791,3 гектар майдондаги тутзордан 43491,2 гектари борлиги, қолгани эса йўқ қилиб юборилганлиги маълум бўлди. Энди уларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида 100 миллион дона тут кўчати экиш чораси кўрилмоқда.
Айни вақтда ана шундай кўп миқдордаги тут кўчатларини қаердан олиш мумкинлиги кўпчиликни қизиқтирмоқда. Ваҳоланки, кўчатчиликда тут ниҳолларини кўпайтириш эътибордан четда қолиб кетган эди. Бунга кузга экиш учун атиги 57 мингдан ортиқроқ кўчат мавжудлиги ҳам исбот бўлади.
Танқисликни бартараф этиш ва режани бажариш мақсадида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Хусусан, Чежианг қишлоқ хўжалик академияси билан Ўзбекистон иқлимига мос кўчатларни плантация қилиш, янги навлар яратиш ва етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.
Изоҳ (0)